Нафосат Оллашукурованинг фарзандлари имтиёзли тарзда боғчага жойлаштирилди

Нафосат Оллашукурованинг фарзандлари имтиёзли тарзда боғчага жойлаштирилди

Нафосат Оллашукурованинг фарзандлари давлат ҳимояси остида бўлиб, болалар боғчасига имтиёзли тарзда жойлаштирилган. Бу ҳақда сешанба куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

«Оллашукурова билан боғлиқ ҳолатда унга қўйилган аниқ диагноз ва унинг ҳолатига доир тиббий далиллар тақдим этилди. Оллашукуровага тез соғайиб кетишни ва оиласига қайтишни тилаб қоламиз», – дея қайд этади Агентлик раҳбари Комил Алламжонов ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида.

«Мен барча журналистлар ва блогерлар жамоатчилик учун ўткир саволларни ёритганида, жиддий суриштирувлар ва ҳақиқий фактларга асосланган холис материалларни шошмасдан ва эмоцияларсиз беришларига чақираман.

Фурсатдан фойдаланиб, агар Агентлик воқеа ҳақида ҳеч қандай баёнот бермаган бўлса ёки бошқача тарзда бунга ўз фикрини билдирмаса, бу унинг шу воқеани назар-писандсиз қолдирганини билдирмаслигини айтишни истардим. Тармоқ билан боғлиқ барча воқеалар диққат-эътиборимиз марказида бўлиб, улар ўрганилмоқда. Қонунга мувофиқ фаолият кўрсатувчи барча журналистлар ва блогерлар ҳар доим Агентлик ҳимояси остида бўлади», – дейилади хабарда.
 
Октябрь ойи бошида блогер Нафосат Оллашукурова суд қарорига кўра руҳий касалликлар диспансерига жойлаштирилган эди. У журналист Маҳмуд Ражабнинг пиёда юришини ёритган эди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.