Кечки Анҳор: 13 ноябрь янгиликлари
Чегара қўшинлари вакиллари чегарачилар ёш йигитга нисбатан куч ишлатаётгани акс этган видеога изоҳ берди. Воқеа 10 ноябрь куни Фарғона туманининг чегара яқинида жойлашган Ҳосилот аҳоли пунктида юз берган. Чегарачиларнинг маълумотларига кўра, ушланган фуқаролар наряднинг тўхташ ҳақидаги талабига эътибор қилмасдан, катта тезликда қочиб кетишган. Фуқароларда шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар ва автомобиль бошқариш ҳуқуқини берадиган ҳужжатлар бўлмаган. Айни пайтда ДХХ Чегара қўшинлари қўмондонлиги ва ҳарбий прокуратура ходимлари ушбу ҳолат бўйича хизмат суриштирувини ўтказмоқда.
Ўзбекистон ТИВ раҳбари мамлакат Бутунжаҳон савдо ташкилоти (БСТ)га аъзо бўлгани ҳақида маълум қилди. “Биз ҳозирча [конкрет] муддатларни белгиламаяпмиз, аммо, табиийки, ҳам ЕИ билан шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимларни имзолаш, ҳам БСТга иложи борича тезроқ аъзо бўлиш бўйича бутун музокаралар жараёнини якунлаш истаги бор. Бу борада жиддий иш олиб борилмоқда”, – дея қайд этди Абдулазиз Комилов Брюсселда бўлиб ўтган “Ўзбекистон-Европа Иттифоқи” Ҳамкорлик кенгашининг 15-мажлисида.
Шеъри билан пахта теришни тарғиб қилган шоирга автомобиль совға қилинди. Андижон вилоят ҳокими Шарофиддин Болтабоевга автомобиль калитларини топширди.
Ўзбекистон ва Туркия соддалаштирилган божхона коридори лойиҳасини тайёрлади. Бу ҳақда икки мамлакат божхона хизматлари раҳбарлари Бирлашган божхона кенгашининг Тошкентда бўлиб ўтган биринчи мажлисида маълум бўлди.
28 ёшли Олимжон Тўйчиев Инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари этиб тайинланди. Ушбу лавозимга тайинланишдан олдин Тўйчиев Инновацион ривожланиш вазирлигида бошқарма бошлиғи ва Мирзо Улуғбек номидаги давлат ихтисослашган умумтаълим мактаб-интернатининг директори лавозимларида ишлаган.
Шарҳлар