Фарғона вилоят ҳокимлиги “Озодлик” радиосининг хабарини рад этди
«Озодлик» радиоси Фарғона вилояти раҳбари Шуҳрат Ғаниев соқол қўйгани учун тадбиркорни йиғилишдан қувгани ва имтиёзли кредит беришни рад этгани ҳақида хабар беради. Маълумотга кўра, йиғилишда ҳоким 2020 йилда тадбиркорлар ва фермерларнинг лойиҳаларига имтиёзли кредитлар бериш масаласини кўриб чиқаётган бўлган.
Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати, 12 ноябрь куни тадбирда фермер қатнашмаганини айтиб, “Озодлик” радиосининг хабарига раддия берди.
«Маълум бўлишича, тадбиркорлар билан учрашувда фермернинг ўзи қатнашмаган, бу масалага фермерга ва унинг лойиҳасига ҳеч қандай алоқаси бўлмаган мутлақо бошқа тадбиркор аралашмоқчи эди. Вилоят ҳокими масалани лойиҳанинг ҳақиқий эгаси билан муҳокама қилиш мумкинлигини билдирди. Бу тадбиркор йиғилишга ўсиб кетган соқоли билан ва “ажойиб” кийимда келганди. Ҳоким тадбиркорнинг ёнида ўтирган кишига соқолини олиб қўйишни тавсия этди. Бўлган воқеа шу», — дейди матбуот хизматининг раҳбари Муҳаммаджон Обидов.
Обидовнинг қайд этишича, ҳокимлик кредит берадиган ташкилот эмас.
Тадбиркор Аҳмаджон Якубовнинг сўзларига кўра, ҳоким лойиҳани, кредитни тўхтатишни айтмаган, йиғилишдан кейин эса сартарошхонага борган: “Соқолим шундай ҳолатда эди. Шуҳрат Мадаминович “Шерзод” фермер хўжалигининг номини айтди, мен турдим, у менга “Соқолингизга бир қаранг, уни олиб ташласангиз яхши бўларди” деди… Шундай катта тадбирга бу кўринишда келганим менинг айбим, яна вилоятимиз ҳокими Шуҳрат Мадаминовичнинг йиғилишига, ўзим айбдорман. Аммо бу ерда у тадбиркорни ҳақоратлагани, сўккани йўқ, одамнинг ор-номуси ва қадр-қимматини ҳақоратловчи сўзларни айтмади».
Anhor.uz таҳририяти Фарғона вилоят ҳокимлиги билан уларнинг сайтида кўрсатилган телефон рақамлари орқали боғлана олмади. Шунингдек, биз ҳокимликнинг электрон манзилига ҳам хат жўната олмадик, чунки манзил мавжуд эмас ([email protected]).
Шарҳлар