АҚШ иттифоқдошларига Россия активлари ёрдамида 50 млрд долларлик облигациялар чиқаришни таклиф қилди. Даромад Украинага берилади

Foto: EPA

АҚШ “Катта еттилик” (G7) бўйича иттифоқдошларига музлатилган Россия активларидан тушган фойда билан таъминланган 50 миллиард долларлик облигациялар чиқариш учун механизм яратишни таклиф қилди. Бу ҳақда Bloomberg ўз манбаларига таяниб хабар берди. Тушган маблағларни Украинани қўллаб-қувватлаш учун ишлатиш таклиф этилмоқда.

Таклиф G7 ва Евроиттифоқ мамлакатларида блоклаб қўйилган Россия Марказий банки активларини бирлаштиришни кўзда тутади.

Таъкидланишича, музлатилган Россия активларининг учдан икки қисмидан ортиғи Евроиттифоқда блокланган бўлиб, улар йилига қарийб 3,6 миллиард доллар фойда келтиради. Таклиф этилаётганидек облигациялар жойлаштирилса, 60 миллиард долларга яқин даромад тушади — яъни бу АҚШ конгрессдаги келишмовчиликлар туфайли Украинага ажрата олмаётган ёрдам пакетига деярли тенг бўлади.

Bloomberg маълумотларига кўра, муҳокамалар илк босқичда турибди. Баъзи G7 мамлакатлари, шу жумладан, Германия ва Франция Вашингтоннинг ушбу ғояси юзасидан “эҳтиёткорлик билдирган”.

Россия Украина билан уруш бошлаганидан буён Ғарбда 280 миллиард еврога яқин маблағ музлатилган ҳолатда турибди. Уларнинг катта қисми (қарийб 210 миллиард евро) Евроиттифоқда, шу жумладан, нақд пул ва давлат облигациялари шаклида сақланмоқда. Евроиттифоқ ҳукумати камида 2022 йил кузидан буён ушбу маблағлардан фойдаланиш имкониятини муҳокама қилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.