ЎзР ТИФ Миллий банки Жиззах бўлимининг замонавий тўрт қаватли биносининг очилиш маросими ўтказилди
Тадбирда вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, ЎМБ раҳбарияти, тадбиркорлар ва жамоатчилик қатнашди.
Тадбир давомида банкнинг Жиззах вилоят бўлими йил бошидан буён 49 та лойиҳага 352,7 млрд сўм ажратгани, бугунги кунга келиб ушбу лойиҳаларнинг 21 таси ишга тушгани ва 2000 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилгани қайд этилди.
Хусусан, «Арнасой Голден Текс» МЧЖ учун 30 млрд сўм миқдоридаги банк кредити ҳисобидан 323 та иш ўрни яратилган.
Банк ўз маблағларидан ташқари, хорижий молия муассасаларининг кредит линияларидан ҳам самарали фойдаланади. Масалан, мева ва сабзавотларни ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи «Агромир» МЧЖга қиймати 8,4 млн.долларлик интенсив боғ яратишни кўзда тутувчи лойиҳани амалга ошириш учун Осиё тараққиёт банкининг кредит маблағлари ҳисобидан 5 млн АҚШ доллари миқдорида кредит тақдим этилди. Ушбу лойиҳани амалга ошириш натижасида 60 та янги иш ўрни яратилди.
Жиззахда банкнинг вилоят бўлимидан ташқари, Мирзачўл тумани ва Жиззах индустриал зонаси филиаллари ҳам фаолият кўрсатади.
– Ривожланган мамлакатлардаги банк фаолияти тажрибасига таянган ҳолда, стратегик режаларимизга мувофиқ, бино замонавий сервис технологиялари билан жиҳозланган, – дейди банкнинг Жиззах вилоят бўлими раҳбари Акмал Бакиев. – Янги бинода сифатли хизмат кўрсатиш учун барча шароитлар мавжуд. Жамоамиз тез ва сифатли хизмат кўрсатишни таъминлаш учун мижозларимизга тақдим этиладиган имкониятлардан самарали фойдаланади.
Шарҳлар