Давлат чегарасини кесиб ўтиш осонлашади
Давлат чегарасидан енгил автотранспортда ўтиш вақти 15 дақиқадан, юк транспортида эса – 30 дақиқадан ошмаслиги керак. Ҳукумат Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали транспорт воситалари ва товарларни ўтказиш пунктларида чегара, божхона, санитария-карантин, фитосанитария назорати ва ветеринария назорати тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлади.
Бунда Ўзбекистонга киришда ҳар бир давлат назорати органи томонидан транспорт воситасини тегишли процедуралардан ўтказиш вақти қуйидаги тарзда белгиланди:
– санитария-карантин назорати (ҳайдовчи санитария назоратидан ўтади) – 3 дақиқа;
– чегара назорати (паспорт ва Давлат чегарасини кесиб ўтиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар мавжудлиги текширилади) – 4 дақиқа;
– божхона назорати (ҳайдовчи, товарлар ва транспорт воситалари божхона назоратидан ўтади ва расмийлаштирилади) – 15 дақиқа;
– фитосанитария назорати (агар олиб ўтилаётган товар фитосанитария назорати объекти ҳисобланса, фитосанитария назорати ўтказилади) – 4 дақиқа;
– ветеринария назорати (агар олиб ўтилаётган товар ветеринария назорати объекти ҳисобланса, ветеринария назорати ўтказилади) – 4 дақиқа.
Ўтказиш пункти ҳудудида фаолият кўрсатувчи Давлат назорати органлари томонидан ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, назорат процедураларидан ўтиш вақти белгиланган нормалардан ошиши мумкин.
Шарҳлар