ИИВ тергов департаменти “Озодлик” берган хабарни рад этди

ИИВ тергов департаменти “Озодлик” берган хабарни рад этди

18 ноябрь куни “Озодлик” радиоси Самарқанд вилоятининг Булунғур тумани ИИБга сўроққа чақиртирилган ва калтакланган фуқаронинг ўлими ҳақидаги хабарни чоп этганди. Мақолада ўлган фуқаронинг қариндошларига таянган ҳолда, у калтаклардан ўлгани ва уни бир неча марта тезкор тадбирларда қатнашишга мажбур қилишгани қайд этилади.

ИИВ Тергов департаментининг маълумотларига кўра, 16 ноябрь куни фуқаро Жабборов Н. ИИБга ариза билан мурожаат қилган, унда шу туман фуқароси О.Р. гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдоси билан шуғулланишини кўрсатиб, унга нисбатан қонуний чоралар кўрилишини сўраган.

«Ўша куни соат тахминан 13:30 да Булунғур туман ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан ўтказилган оператив тадбир давомида фуқаро О.Р. фуқаро Жабборов Н.га умумий оғирлиги 3.71 грамм бўлган “марихуана” гиёҳванд моддасини 150.000 сўмга ноқонуний сотаётган пайтда қўлга олинган. Шунингдек О.Р.нинг ёнида умумий оғирлиги 0,78 грамм бўлган “марихуана” гиёҳванд моддаси борлиги ва тадбирда қўлланган пул маблағлари ҳам аниқланган, улар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган», – дейилади департамент хабарида.

Ушбу факт бўйича жиноий иш қўзғатилди: О.Р. айбланувчи сифатида жалб этилиб, унга нисбатан қамоққа олиш кўринишидаги олдини олиш чораси танланган.

«Дастлабки тергов жараёнида Жабборов Н. Тергов органларига олиб келинмаган ва ушбу  жиноят иши бўйича сўроққа тутилмаган», – дея таъкидлайди Тергов департаменти.

Департамент маълумотларига кўра, 16 ноябрь куни соат тахминан 16:00 да дастлабки ҳужжатларни расмийлаштириш пайтида хизмат кабинетида Жабборов Н.нинг саломатлиги ёмонлашган, унинг қон босими кўтарилиб кетган ва у юрак хуружи билан Булунғур туман касалхонасига ётқизилган, кейинчалик шу ерда оламдан ўтган.

«Суд-тиббиёт экспертизасининг маълумотномасига кўра, Жабборов Н.га ўткир юрак етишмовчилиги, коронарокардиосклероз, ишемик юрак касаллиги дигнози қўйилган, бирор-бир тан жароҳатлари аниқланмаган», – дея қайд этилади хабарда.

Жабборов Н. ўлими бўйича терговгача текширув ишлари олиб борилмоқда, тегишли экспертиза тайинланган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.