Кечки Анҳор: 20 ноябрь янгиликлари

Кечки Анҳор: 20 ноябрь янгиликлари

Актриса Гавҳар Шарипова ҳайдовчининг шилқимлик қилиши туфайли машинадан сакраган. Қашқадарё вилоят ЙҲХБ маълумотларига кўра, актриса эшикни очган ва уни очиқ ҳолатда ушлаб турган. Аммо ҳайдовчи бунга қарамасдан ҳаракатланишда давом этган ва йўл ҳаракати қоидаларининг 77-модаси 3-қисмини бузган. Актриса яшаш имконини қолдирмайдиган жароҳатларни олган ва воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган.
 
Дунё фуқаролик индексида Ўзбекистон 109-ўринни эгаллади. Индекс у ёки бу фуқароликнинг сифат кўрсаткичларига таъсир қилувчи ҳам ички, ҳам ташқи омилларни кўриб чиқади.
 
Самарқанд вилоятида автотураргоҳда еттита машина ёнган. Воқеа 20 ноябрь куни Нуробод туманидаги “Темур ГАЗ” МЧЖ автотураргоҳида содир бўлган. Бир киши куйиш жароҳатларини олган ва касалхонага ётқизилган. Ёнғин сабаблари ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Тошкентнинг Сирғали туманида ЙТҲ юз берди. Унда иккита автобус – 122-йўналиш бўйича қатнайдиган Isuzu (4-автобус парки) ва Mercedes-Benz (5-автопарк) – тўқнашган. ЙТҲ натижасида ҳеч ким жабрланмаган, воқеа сабаблари аниқланмоқда.
 
Қашқадарёда она ва унинг 13 ёшли ўғли консервадан заҳарланиб ўлди. Чироқчи туманининг Тутли қишлоғида истиқомат қилувчи етти кишидан иборат оила консерваланган помидорлардан заҳарланган. Оила отаси, онаси ва уларнинг ўғли касалхонага ётқизилган. Қолган оила аъзоларининг ҳолати қониқарли сифатида баҳоланмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.