2020 йил учун Давлат дастурининг асосий бандлари
Ўзбекистон Президенти 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифатва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг лойиҳаси тўғрисидаги фармонни имзолади. Ўқувчиларимиз учун Давлат дастурининг асосий бандларини кўрсатиб ўтдик.
1. Шу йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати фаолиятида фуқароларнинг Интернет тармоғидаги мурожаатлари асосида парламент ва депутат сўровларини шакллантириш, сайловчилар билан бевосита мулоқот қилиш мақсадида электрон портал ва мобил иловадан фойдаланиш имконини берувчи “Электрон парламент” тизими жорий этилади.
2. 2020 йил 1 июлга қадар “Mening fikrim” веб-порталининг мобиль иловаси ишга туширилади.
3. 1 июнга қадар тадбиркорлик соҳасидаги ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят турлари декриминализация қилинади, шунингдек, божхона соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузиш жиноятини биринчи марта содир этган, товар учун тўловни ихтиёрий равишда тўлаган ва божхона расмийлаштирувини амалга оширган шахсларни жиноий жавобгарликдан озод қилиш тартиби жорий этилади. 1 декабрдан бошлаб маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати жиноят ишлари бўйича судлар ваколатига ўтказилади.
4. “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири ишлаб чиқилади, шунингдек “Давлат молиявий назорати тўғрисида”, “Давлат қарзи тўғрисида” ва “Расмий статистика тўғрисида”ги қонунлар лойиҳалари, Уй-жой кодексининг янги таҳрири, Экологик кодекс лойиҳаси, “Сув таъминоти ва канализация хизматлари тўғрисида” ва “Кинематография тўғрисида”ги қонунлар лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилади.
5. 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни олишда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш талаб қилинмаслигини кўзда тутувчи тартибни жорий этилади.
6. Бу йил рухсат берувчи характердаги лицензиялар ва бошқа ҳужжатлар сонини камида икки бараварга қисқартириш топширилди.
7. 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим мактаблари ўқитувчиларининг юкламаси мақбуллаштирилсин, шунингдек, олий таълим муассасаларида асосий мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар сони икки бараварга қисқартирилади.
8. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб республика олий таълим муассасалари талабаларига ўқув йили давомида тенг улушларда камида тўрт маротаба ўқиш учун тўловларни амалга ошириш имконияти тақдим этилиши таъминланади.
Шарҳлар