2021 йил Қашқадарё вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш йили деб эълон қилинди
Қарши шаҳрида ўтган йиғилишда Қашқадарё вилоятини комплекс ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
«Қашқадарёда барча соҳаларда вазият тубдан ўзгариши шарт. Бунинг учун вилоятда ҳамма имконият бор. Ҳамма уйғониши керак», – деди президент.
Ҳокимларнинг таклифлари ва вилоятдаги муаммоларнинг таҳлилидан келиб чиқиб, тадбиркорлик асосий йўналиш этиб белгиланди. 2021 йил Қашқадарё вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш йили деб эълон қилинди. Бу борада манзилли ишлаш учун туман ва шаҳарларга вазирлар, тармоқ ва банклар раҳбарлари бириктирилди.
Давлат раҳбари бугунги бозор талаби ва «ўсиш нуқталари»дан келиб чиқиб, туманларни муайян иқтисодиёт йўналишларига ихтисослаштириш зарурлигини таъкидлади Хусусан, Яккабоғ, Қамаши, Чироқчи, Шаҳрисабз ва Китоб туманлари боғдорчилик ва узумчиликка ихтисослаштирилади. Ғузор ва Муборак туманларида нефть-газ-кимё, Чироқчи ва Деҳқонобод туманларида қурилиш материаллари бўйича кўплаб корхоналар ташкил этиш мумкин. Касби, Нишон, Миришкор ва Косон туманларини чорвачиликка ихтисослаштириб, йирик комплекслар ва кичик бўрдоқичилик фермалари ташкил этиш, озуқа базаси учун ер ажратиш вазифаси қўйилди.
Мутасаддиларга келгуси йилда 50 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий қилиш бўйича топшириқ берилди.
«Вилоятда ёшлар билан ишлаш бўйича янги тизим жорий этилади. Ҳокимлар ҳар ҳафтада бир кунни ёшлар билан ишлаш куни деб эълон қилиб, уларнинг муаммолари билан шуғулланади», – деди давлат раҳбари.
Шарҳлар