2021 йилда Тошкентнинг бир нечта туманида ҳиёбонлар яратилади
Тошкент шаҳар каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси томонидан “Баратхўжа” каналининг Яшнобод тумани "Қўйлиқобод" маҳалласидан ўтувчи қисмида сайилгоҳ ташкил этиш ишлари амалга оширилган. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига бошқарма хабар беради.
«Мирзо Улуғбек туманидан оқиб ўтувчи “Салар” каналининг Дўрмон йўли кўчасидан Зиёлилар кўчасигача бўлган 1,6 км қисмида ободонлаштириш ва сайилгоҳ ташкил этиш ишлари якуний босқичи олиб борилмоқда», – дейилади хабарда.
Шу билан бирга “Қорасув” каналининг Мирзо Улуғбек тумани Темур Малик кўчасидан Дўрмон йўли кўчасигача бўлган 2,3 км қисмида, Яшнобод тумани Бойсун кўчасидан Фарғона йўли кўчасигача бўлган 1,5 км қисмида ҳамда Миробод тумани Фарғона йўли кўчасидан Фитрат кўчасигача бўлган 1,1 км қисмида сайилгоҳ ташкил этиш ишлари бошланган.
2021 йилда Тошкент шаҳридан ўтган ишчи ҳолатдаги 337 км узунликдаги канал ва коллекторларни тозалаш, ҳосил бўлган чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш, қирғоқ ва ўзанларни мустаҳкамлаш, шунингдек, “Қорасув” каналининг Мирзо Улуғбек, Яшнобод ва Миробод туманлари ҳудудидан ўтган жами 4,9 км қисмида бошланган ободонлаштириш ва сайилгоҳ ташкил этиш ишларини якунига етказиш ҳамда “Қорақамиш” коллекторининг Юнусобод туманидан оқиб ўтувчи 1,2 км, “Анхор” каналининг Чилонзор туманидан оқиб ўтувчи 1,7 км қисмида сайилгоҳ ташкил этиш, “Жўн” каналининг Сирғали туманидан оқиб ўтувчи 2,0 км қисмида қирғоқ ва ўзанни мустаҳкамлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.
Шарҳлар