2021 йилдан бошлаб давлат органлари ўртасида ўзаро ҳужжатлар айланмаси тўлиқ электрон шаклда бўлади
2021 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг тузилмавий бўлинмалари ўртасидаги ўзаро ҳисоботлар ва ҳужжатлар айланмаси электрон шаклда амалга оширилади. Бу ҳақда Президентнинг “Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида сўз боради.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 мартга қадар тегишли давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти бўйича зарур ҳисоботларни реал вақт режимида тузиш ҳамда 2021 йил 1 январга келиб қоғоз кўринишидаги бланклар, шакллар ва жадвалларни тўлдиришдан тўлиқ воз кечиш имконини берадиган Барча давлат органлари ва ташкилотларида ҳисобот ва ҳужжат айланишини юритишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар режасини Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритиш топширилди.
Қарорга мувофиқ давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари тегишли давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига ҳисобот ва ҳужжат айланишини юритишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш учун шахсан жавобгар қилиб қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2020 йил 1 мартга қадар давлат органлари ва ташкилотларининг барча ходимлари ва раҳбарларини белгиланган тартибда электрон рақамли имзолар билан таъминлаш топширилди.
Шарҳлар