Маиший чиқинди полигонлари тураржойлардан камида 500 метр масофада жойлашиши керак

Маиший чиқинди полигонлари тураржойлардан камида 500 метр масофада жойлашиши керак

Турар жойдан полигон чегарасигача бўлган масофа аҳоли яшаш жойларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича санитария меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ камида 500 метрни ташкил қилиши керак. Қаттиқ маиший чиқинди полигонларини лойиҳалаштириш ва улардан фойдаланиш бўйича йўриқнома тасдиқланди, дея хабар беради Norma.uz.

Ҳужжатда полигонга қаттиқ маиший чиқиндиларни қабул қилиш тартиби ва технологик схемаси, шунингдек  уларни ташувчи техникани бўшатиш тартиби кўзда тутилган.

Полигонлар қурилиши учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ва ўрмон фонди ерларига кирмайдиган ер участкалари ажратилади. Бунда полигонларнинг атроф муҳитнинг турли объектларига салбий таъсири даражасини аниқлаш ва энг кам таъсир кўрсатувчи ер участкасини танлаш учун бир неча ҳудудлар муқобил вариант сифатида кўриб чиқилади.
 
Полигонлар шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг ташқарисида жойлаштирилади. Турар жойдан полигон чегарасигача бўлган масофа аҳоли яшаш жойларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича санитария меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ камида 500 метрни ташкил қилиши керак.
 
Полигонларни сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари, соҳил бўйи минтақалари ва санитария муҳофазаси зоналари, сифатли ер ости сувлари тўпланадиган манбалар теграси, курортларни муҳофаза қилиш зоналари, шунингдек фуқароларнинг оммавий дам олиш ва соғломлаштириш масканлари ҳудудига жойлаштирилишига йўл қўйилмайди.
 
Полигонлар кириш йўли; қаттиқ маиший чиқиндиларни жойлаштириш майдони; хўжалик ҳудуди; санитария-муҳофаза зонасидан иборат бўлади. Шунингдек ёмғир мавсумида йўлларни сув босмаслиги учун полигонлар дренаж тизимига эга бўлиши лозим. Дренаж тизими орқали йиғилган сувлар ҳовузларда тўпланиб, қаттиқ маиший чиқиндиларни зичлашда фойдаланилиши мумкин
 
Полигонларнинг хўжалик ҳудудига кириш жойида дарвоза ёки шлагбаум ўрнатилади. Чиқинди ташиш техникаларини ювишга мўлжалланган майдон хўжалик ҳудудидан ташқарида бўлиши керак. Санитария-муҳофаза зонасида полигон периметри бўйлаб 5-8 метр кенгликда йўлак қурилади, унинг чегараси бўйлаб дарахт ва бута кўчатлари экилади, муҳандислик коммуникациялари (сув қувурлари, канализация) ётқизилади ҳамда электр ёритиш қурилмалари ўрнатилади. Бу ерда турар жойлар ва ичимлик суви қудуқлари жойлаштирилмайди.
 
Полигонларда заҳарли ва портлаш хавфини туғдирадиган газларнинг ажралиб чиқиши сабабли, улар ёпилганидан кейин камида 40 йил ушбу ҳудудда капиталқурилиш ишларини олиб боришга йўл қўйилмайди.

Полигонни ёпиш учун якуний (юқори) изоляция қилувчи қоплама, фильтратни бошқариш тизими,  газни бошқариш тизими мавжуд бўлиши талаб этилади. Полигонни рекультивация қилиш технологик схемасига мувофиқ рекультивация ишлари техник ва биологик босқичларда амалга оширилади. Рекультивация қилишнинг техник босқичида полигон қиялиги махсус техника ёрдамида текистланади, унинг рекультивация қилинадиган устки қатламига 0,2 метр қалинликда унумдор тупроқ бир текисда ётқизилган ҳолда рекультивация қатлами ҳосил қилинади. Рекультивация қилишнинг биологик босқичида тупроқ эрозиясияга қарши, ландшафт-кўкаламзорлаштириш аҳамиятига эга ўрмонзорлар (дарахтзорлар) барпо этилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.