Кечки Анҳор: 28 ноябрь янгиликлари
Дўппосланганидан кейин ҳаётдан кўз юмган ўқитувчи ишида янги тафсилотлар пайдо бўлди. ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти маълумотларига кўра, 28 ёшли Иззатулло ўзининг 30 ёшли таниши Мақсуд билан Самарқанддаги Буюк Ипак йўли кўчасидаги бекатда туриб, шу ердан ўтиб кетаётган Асал исмли қизга ҳар хил номаъқул гапларни айтган. Қиз телефон орқали танишларини чақирган. Тергов департаментининг қайд этишича, дўппослашда айбланаётган учта фуқародан ташқари яна 6 та гумондор қўлга олинган.
Бухоро вилоят прокуратураси матбуот хизмати 15 ёшли ўсмирнинг ИИБ ходимлари томонидан калтакланиши ҳолатига изоҳ берди. Маълум бўлишича, 9 синф ўқувчисини ўқиш пайтида сўроққа олиб кетишган, ИИБ ходимлари у сув насоси ва тикув машинасини ўғирлаганлигини тан олишини талаб қилган. “6 ноябрь куни Ғиждувон туманидаги “Шўрчи” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаронинг уйида ўғирлик содир этилган. Ушбу факт юзасидан жиноий иш қўзғатилган ва 12 ноябрь куни икки нафар ИИБ ходими 31-сонли умутаълим мактабига келган. Улар мактабдан 15 ёшли ўсмирни олиб кетиб, педагогсиз сўроққа тутган. ИИБ ходимларидан бири интизомий жавобгарликка тортилади. Тегишли ҳужжатлар вилоят ИИБга юборилган. Хизмат текшируви тайинланди”, – дея хабар беради матбуот хизмати.
“Рақамли Ўзбекистоне 2030” концепциясининг лойиҳаси муҳокамага олиб чиқилди. Унда вазирликлар ва идораларда раҳбарларнинг рақамли трансформация бўйича ўринбосарларини тайинлаш, алоҳида идораларнинг маълумотларига ишлов бериш марказларини ягона давлат булутига ўтказиш кўзда тутилган.
Ўзбекистон Президенти “Замонавий мактаблар”ни яратиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорни имзолади. Улар илғор архитектура ечимлари ва энергия тежовчи технологиялар асосида жиҳозланади. Ушбу лойиҳа доирасида 2020-2022 йилларда умумтаълим мактабларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва жиҳозлашга 4,05 трлн сўм йўналтирилади.
2020 йил 1 апрелдан бошлаб дори-дармонларга референт нарх шакллантириш тизимини жорий этиш таклиф этилмоқда. Сўз маҳаллий ва хорижда ишлаб чиқарилган нусха-препаратлар ҳақида бормоқда. Хусусан, Ўзбекистон Президентининг “Фармацевтика соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳасида дориларнинг чегаравий нархини белгилаш таклиф қилинмоқда.
Шарҳлар