«Биз Осиёни ва қолган бутун дунёни қутқариш учун шу ердамиз»
«Биз Осиёни ва қолган бутун дунёни қутқариш учун шу ердамиз» – деди Дональд Трамп пайшанба куни Афғонистонга ташрифи чоғида Баграм авиабазасида ўтказилган минглаб америкалик аскарлар билан учрашувда. Жаноб Трамп Осиё ҳақида гапирар экан, Марказий Осиёни ҳам назарда тутган бўлса керак. Ваъда учун раҳмат, аммо ўзимиз ҳам нималардир қиляпмиз…
Бу америкаликларнинг 18 йиллик урушни якунлаш умидида толиблар билан олиб бораётган музокаралари тўхтаб қолганидан кейин уч ойдан сўнг ўтказилган ва эълон қилинмаган ташриф бўлди.
«Толиблар битим тузишни истаяпти ва биз улар билан учрашяпмиз», – қайд этди жаноб Трамп Афғонистон президенти Ашрф Ғани билан учрашув чоғида.- «Биз то битим тузмагунимизча ёки тўлиқ ғалабани қўлга киритмагунча шу ерда қоламиз». Шундай экан, америкаликларнинг Афғонистондан чиқиб кетиши ҳақидаги гапларни унутсак ҳам бўлаверади.
«Иккала томон ҳам, агар толиблар тинч келишувга эришиш борасида самимий экани тасдиқланса, улар ўқ отишни тўхтатишга рози эканликларини таъкидлади», – деб ёзади жаноб Ғани ўз Twitter саҳифасида. “Биз ҳам ҳар қандай тинчликни сақлаш учун террорчиларнинг Афғонистон ташқарисидаги бошпаналарини йўқ қилиш зарурлигини таъкидладик”. Жаноб Ғани бу қандай мамлакатлар эканига аниқлик киритмади, афтидан у Покистонни назарда тутган бўлса керак.
Жаноб Трампнинг Қўшма Штатлар толиблар билан тинчликка ёки “тўлиқ ғалаба”га эришиш ҳақидаги таклифи унинг “Американинг чексиз урушлари” деб айтган умидсизликларининг оммавий ифодасидан кескин четга чиқиш бўлди. Anhor.uz нашри ҳарбийлар ва дипломатлар аллақачон Афғонистонда ҳарбий ғалаба имкониятини истисно қилаётганини эслатиб ўтиши мумкин. Аксинча, улар сиёсий тартибга солиш урушдан чиқишнинг ягона йўли эканини таъкидлашмоқда. Тинч музокаралар мавжуд бўлмаган бир пайтда “тўлиқ ғалаба” ҳақидаги қасам бизга ғалати эшитилади.
Аммо Америка қўшинлари мамлакатни тарк этмоқда ва уларнинг ўрнига янги аскарлар келмаяпти. Бир ой олдин Афғонистондаги контингент қўмондони генерал Остин Миллер Қўшма Штатлар охирги йили бу мамлакатда 2000 кишига қисқарганини билдирганди.
Ташрифнинг ўзига тўхталадиган бўлсак, у ҳақиқий классик детективга ўхшайди. Жаноб Трамп пайшанба куни маҳаллий вақт билан соат 20:30 да (Тошкент вақти билан соат 19.00 да) Баграм аэродромига келиб тушган ва Афғонистон ерида икки ярим соатдан кўпроқ вақт бўлган. Шунингдек у билан учрашиш учун Баграмга Афғонистон президенти ҳам зудлик билан етиб келди.
Репортёрларга ушбу сафарни махфий тутиш ҳақида қатъий кўрсатмалар берилган. Ўтган йили британиялик учувчи жаноб Трампнинг самолётини фотосуратга олиб, интернетга қўйганида, президент қўриқчилари Ироқда ўққа тутилганини бу ерда яхши эслашади. Уяли телефонлар ва бошқа узатиш қурилмалари сафар иштирокчиларининг ҳаммасидан вақтинчалик олиб қўйилган, шу боис anhor.uz ҳам фақат кейинги куни эрталаб ушбу ташриф ҳақидаги хабарни олди.
Хусусан, ҳамкасбларимиз кичикроқ репортёрлар гуруҳига чоршанба куни кечқурун Эндрюс авиабазаси гаражининг юқори қаватига тўпланиш буюрилганини айтиб беришди. У ердан уларни қора фургонларда учиш майдонига олиб кетишган. Бу орада эса президент махфий тарзда Флоридадан Вашингтонга қайтаётган бўлган, репортёрларга эса у Флориданинг «Мар-а-Лаго» клубида Шукроналик кунини ўтказаётганини маълум қилишган. Президентнинг биринчи самолёти унинг ҳаракатлари ҳақида билдириб қўймаслик учун Флоридадаги Уэст-Палм-Бич аэропортининг учиш полосасида қолган. Чоршанба куни кечқурун соат 9.45 атрофида президент Эндрюс авиабазасидаги ангарга яширилган ўзининг иккинчи самолёти бортига кўтарилган. Борт парвоз қилиб, қош қорайганда Афғонистонда, Баграмда пардаларини туширган ҳолда қўнган. Одатда тунда яхши ёритилиб турган база ғира-шира ёритилган. Соат учда бу детектив якунланган ва жаноб Трамп эсон-омон учиб кетган.
Юрий Черногаев
Шарҳлар