Ўз хизмат автомобилида учта пиёдани уриб кетган милиционерга ҳукм чиқарилди

Ўз хизмат автомобилида учта пиёдани уриб кетган милиционерга ҳукм чиқарилди

23 июль куни Тошкент шаҳар Учтепа тумани жиноят ишлари бўйича суди ўз хизмат автомашинасида уч нафар пиёдани уриб кетган Тошкент шаҳар ИИББ ППХ бригадаси 3-батальони 2-отряди автоэкипажининг ҳайдовчиси Бахтиёр Толиповга нисбатан ҳукм чиқарилди.

Суд ҳукми билан Толипов 7 йилга озодликдан маҳрум этилди. Энди у жазони ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг собиқ ходимлари учун мўлжалланган махсус колонияда ўтайди. Шунингдек, суд айбдорга жабрланганларнинг оиласига 13 млн сўм тўлаш мажбуриятини ҳам юклади.

Эслатиб ўтамиз, 23 апрель куни пойтахтнинг Чилонзор туманида “Nexia” русумли хизмат автомобили (давлат рақами 01 906 JCA) катта тезликда қарама-қарши йўлга чиқиб кетиб, уч нафар пиёдани уриб кетганди. ЙТҲ натижасида эркак ва 5 ёшли қизча ҳалок бўлган, жиддий жароҳатланган ёш жувон эса тирик қолган. Ушбу фожиа жамоатчилик орасида катта шов-шувга сабабчи бўлганди.

Апрель ойи охирида эса айбдор хибсга олингани ва унга ЎзР Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми бўйича айб қўйилгани маълум бўлди. Ушбу модда ўн йилгача озодликдан маҳрум этиш кўринишидаги жазони кўзда тутади.

Фотосурат: ©  «Водители Ташкента» (“Тошкент ҳайдовчилари”) гуруҳи

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.