Кечки Анҳор: 3 март янгиликлари
Қашқадарё вилоят ҳокими Миришкор тумани раҳбарининг овози ёзилган аудиоёзувга ўз фикрини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Бахтиёр Ражабов “ўзининг ҳаракатлари билан ҳудудни шарманда қилган”. Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматида аудиоёзувдаги қўпол сўзлар Миришкор туман ҳокимига тегишли эканини тан олишди. Бош прокуратура воқеани текширишни бошлади.
Ўзбекистонда коронавирус ҳақидаги миш-мишлар фонида бананларнинг нархи тушиб кетди. Давлат статистика қўмитасининг билдиришича, февраль ойида бананлар 5,5% га арзонлаган. Одатда нарх 1% га арзонлайди. Январь ойида ижтимоий тармоқларда гўёки Хитойдан Ўзбекистонга етказиб бериладиган бананларда коронавирус инфекцияси мавжуд эканлиги ҳақидаги миш-мишлар тарқалганди, ҳолбуки Хитой бананларни экспорт қилмайди.
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги: республикада бирортаям тасдиқланган коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилмаган. Бу орада Ўзбекистон Хитойга гуманитар ёрдамнинг иккинчи партиясини жўнатди. Юклар бир марталик стерил қўлқоплар, ҳимоя комбинезонлари, юз учун фильтрловчи ниқоблардан иборат.
Ўзбекистон Жанубий Кореядан ўзбекистонликларни олиб чиқиш учун тўртта чартер рейсни ташкил қилмоқда. Рейслар 8, 15, 22 ва 29 март кунлари амалга оширилади. “Элчихона Ўзбекистон фуқароларига ваҳимага тушмасдан, яна бир бор ватанларига қайтиш фикри тўғри эканини яхшилаб ўйлаб кўришни тавсия этмоқда, чунки Корея Республикаси ҳукумати томонидан, тиббиёт соҳасидаги илғор технологиялардан фойдаланган ҳолда, коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича барча зарур чоралар кўрилмоқда. Касаллик аниқланган тақдирда чет эл фуқароларига бепул малакали тиббий даволаш хизматлари кўрсатилиши кафолатланади ”, – дея қайд этишади Ўзбекистон ТИВда. Бу орада Жанубий Кореяда вирусга чалинганлар сони 599 кишига етган.
Шарҳлар