Украинадаги Ўзбекистон элчиси: «Ўзбекистон Украинанинг евроинтеграцион интилишларини қўллаб-қувватлайди»

Украинадаги Ўзбекистон элчиси: «Ўзбекистон Украинанинг евроинтеграцион интилишларини қўллаб-қувватлайди»

«Ўзбекистон Украинанинг евроинтеграцион интилишларини қўллаб-қувватлади, чунки уларнинг ривожида ўз истиқболини кўрмоқда», – дея иқтибос келтиради 1tv.com.ua портали Ўзбекистон Республикасининг Украинадаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Алишер Абдуалиевнинг сўзларидан. Элчининг қайд этишича, Ўзбекистон бугунги кунда иқтисодий ўсиш суръати 2005 йилдан буён 7% дан пастга тушмаётган мамлакатлар бешталигидан ўрин олган. Мамлакат ҳукумати икки томонлама муносабатларга қўшимча туртки беришдан манфаатдор.

Шу ва бошқа масалалар Ўзбекистон Республикасининг Украинадаги элчиси Алишер Абдуалиев ва Украина Иқтисодий ривожланиш ва савдо вазири Павел Шеремет ўртасидаги учрашув чоғида муҳокама қилинди.

Суҳбат давомида иккала мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий мунсабатларда ижобий тенденция кузатилаётгани қайд этилди. Хусусан, шу йилнинг беш ойи давомида Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги товар айланмаси 172870000 АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг худди шу даврига нисбатан 25050000 АҚШ долларига ёки 16,9% га ўсган.

 «Биз Ўзбекистон билан мавжуд муносабатларни қадрлаймиз. Мамлакатларимиз ўртасида товар айланмаси ҳажмининг ўсишидан хурсандмиз. Биз, иқтисодчилар, савдо ҳар доим фойдали эканини биламиз. Биз барча йўналишларда очиқ ёндашув тарафдоримиз: иложи борича кўпроқ савдо, иложи борича кўпроқ ҳамкорлик, иложи борича кўпроқ коммуникация ва мулоқот, чунки бу ҳар доим ўзаро фойдали алоқаларни билдиради», – дейди Павел Шеремет.

Шу билан бирга, Украина вазири мамлакатда юз бераётган воқеалар ҳақида ҳам маълумот бериб, бугун Олий Радада бюджет танқислигини камайтирувчи 2 та қонун қабул қилинганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, бу мамлакат учун жуда муҳим, чунки бу, бир томондан, молия соғлом ҳолатда бўлишини таъминлайди, иккинчи томондан эса, Украинанинг халқаро молия муассасалари билан ҳамкорлиги соҳасида янги истиқболларни очади.

Ўз навбатида, Алишер Абдуалиев  Украина-Ўзбекистон муносабатлари, аввало, саноат, қишлоқ хўжалиги соҳаларида катта салоҳиятга эга эканини қайд этди:
 «Биз Украина ҳукумати томонидан кўзланган барча режалар муваффақиятли амалга ошишини истаймиз. Ўзбекистон ва Украина минтақавий ва халқаро ҳамкорликнинг кўплаб долзарб масалалари бўйича ўхшаш позицияларга эга бўлган ва ҳозир ҳам шундай. Биз турли соҳаларда муваффақиятли ҳамкорлик қиляпмиз, бизнинг Украинага қизиқишимиз жуда катта. Шу боис икки томонлама муносабатларга қўшимча туртки беришни хоҳлардик, бундан ҳукуматимиз ҳам манфаатдор», – дейди Алишер Абдуалиев.

Шунингдек учрашув давомида тарафлар Кўп томонлама ҳамкорлик бўйича Украина-Ўзбекистон қўшма комиссиясининг кейинги фаолияти, минтақавий бизнес-форумларни ўтказиш масалаларини ҳам муҳокама қилди. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.