Ўзбекистон ва Германия Термиздаги аэропорт ижараси қийматини муҳокама қилмоқда

Ўзбекистон ва Германия Термиздаги аэропорт ижараси қийматини муҳокама қилмоқда

2013 йил кузидан бошлаб Ўзбекистон ва Германия Термиз аэропорти базасида транспорт-юк тушириш ва ортиш пунктидан фойдаланиш тўғрисидаги битим шартларини қайта кўриб чиқиш бўйича музокаралар олиб бормоқда, деб ёзади “Новый Век” нашри.

Ўзбекистон ушбу муҳим ҳарбий-стратегик объект инфратузилмасини яхши ҳолатда ушлаб туриш мақсадида ГФР томонидан Термиз аэропортидан фойдаланганлик учун ижара ҳақини оширишни таклиф этмоқда.  

«ГФР вакиллари Ўзбекистон томоннинг саволларига аниқ жавоб бермаяпти, ўз позициясини ҳимоя қилиш учун конкрет далилларни тақдим этмаяпти», — дейилади мақолада.

«Немислар Термиз аэропортидан фойдаланганлик учун тўланадиган ижара ҳақидан тежаб қолинган маблағлар ушбу объектнинг Германия учун стратегик муҳим эканидан анча арзонроқ эканини тушунмаётган кўринади», — дейди экспертлар.

Июль ойи охирида Термиз аэропортини кенгайтиришдаги немис компаниялари ва мутахассисларининг иштироки масаласини Германия ТИВнинг Шарқий Европа, Кавказ орти ва Марказий Осиё бўйича ваколатли вакили Корд Майер-Клодт Ўзбекистонга ташрифи чоғида муҳокама қилганди.   

Қайд этиб ўтамиз, 2001 йил охиридан буён Ўзбекистон Германия ҳарбий ҳаво кучларига Термиз шаҳри атрофларида ҳарбий бўлмаган юклар транзити учун фуқаролик аэропортини тақдим этиб келмоқда. Бу борадаги расмий ижара шартномаси 2002 йил февралида имзоланган. 2010 йил апрелида эса ушбу аэропортдан фойдаланиш тўғрисидаги янги битим имзоланган бўлиб, унинг шартлари эълон қилинмаяпти. Айни пайтда Термиздаги базада 300 га яқин бундесвер аскари хизмат қилади. Германия мазкур аэропортдан фойдаланишни бошлаганидан буён уни модернизация қилишга 12 млн евро инвестиция қилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.