Шерободликлар етти ойдан бери кўприк қурилиши якунланишини кутмоқда

Шерободдаги кўприк қурилиши етти ойдан буён тўхтаб қолгани маълум бўлди. Аҳоли битмаган кўприкни сел оқизиб кетишидан хавотирда, деб ёзади Xabar.uz. Аввалги кўприкни бундан 20 йиллар аввал сел олиб кетган.
 
«Сиз кўриб турган кўприк Шеробод туманидаги Қишлоқбозор ва Гегирдак қишлоқларини шаҳар билан боғлаши лозим эди. Унинг қурилиши бошланганига салкам бир ярим йил бўлиб қолди. Кўприк қурилиши бошланганида биз ниҳоят қийинчиликлардан қутуламиз, оғиримиз енгил бўлади деб ўйлаган эдик, аммо қувончимиз кўпга чўзилмади», – дейди шу ерда истиқомат қилувчи фуқаролардан бири.
 

Фотосурат: xabar.uz
 
Унинг сўзларига кўра, бу ердан кунига 500 га яқин машина ўтиб-қайтади. Дарёдаги сув мунтазам равишда йўловчи машиналарнинг эҳтиёт қисмларига зарар етказмоқда.
 
«Шеробод туманидаги ушбу кўприкнинг мана ярими битказилган, аммо қолган қисмининг қурилиши тўхтаб қолган… Исо Термизий зиёратгоҳига мана шу йўлдан ўтиб борилади. Бир кунда бу ердан минглаб одам ўтади», – дейди машинаси ўт олмай, сув ўртасида тўхтаб қолган ҳайдовчи.
 
Гегирдак қишлоғида яшовчи Омон бобо кўприк қурилиши учун 2020 йилнинг апрелидан бери елиб-югуради. «Бир йили қишда музда йиқилиб оёғим синди. Туман ҳокимларига, раҳбарларга ёзаман: улар келишади, ваъда беришади, лекин қурилиш ишлари яна қолиб кетаверади», – дейди у.
 
«Баҳор ёғингарчилик фасли. Катта сел келиш эҳтимоли мавжуд. Маҳаллий аҳоли бошланган ишни кучли сел ҳавога совуришидан хавотирда», – дейилади хабарда.
 
Бу Ўзбекистонда кўприк қурилиши охиригача етказилмай, тўхтаб қолган ягона ҳолат эмас. Самарқанд вилояти аҳолиси автомобиль кўприги реконструкция қилинишини икки йил кутганди. Улар бир тумандан иккинчисига ўтиш учун 40 км масофани айланиб ўтишга мажбур бўлганди. Кўприк реконструкцияси вазият ОАВда эълон қилинганидан кейин давом эттирилди. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.