Мўйноқ шаҳри жаҳоннинг “энг даҳшатли” шаҳарлари рўйхатига киритилди
Ўзбекистондаги Мўйноқ шаҳри Fox News версияси бўйича дунёдаги “энг даҳшатли” жойлар рўйхатига тушди.
“Агар сизга қуёшли пляжда дам олиш зерикарли туюлса, одамни даҳшатга соладиган мана бу жойлардан бирига борганингиз маъқул, – дейилади рейтингнинг сўзбошисида. – Тарихий нуқтаи назардан қизиқарли ва ўзича чиройли бўлган ушбу 10 та маскан қўрқув ва титроқ элементларига эга таътилни хуш кўрувчи сайёҳлар учун идеал жой ҳисобланади”.
Рўйхатда 7-ўринни эгаллаган Мўйноқ ҳақида шундай дейилади: “бир пайтлар катталиги бўйича дунёда тўртинчи ўринда турган кўл – Орол денгизи уни тўлдириб турган дарёлар СССР даврида амалга оширилган лойиҳа доирасида бошқа эҳтиёжларга жалб этилганидани кейин 90%га қуриб кетди. Бир маҳаллар Мўйноқда гавжум порт жойлашган, бироқ энди чўлга айланган денгиз тубидаги қумда занглаётган кемалар ётибди, туялар уларнинг ёнидан ўтиб кетади. БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Орол денгизининг қуришини энг ёмон экологик фожиалардан бири сифатида қайд этади”.
Рейтингда Мўйноққа яқин ўринлардан бирини (5-ўрин) тахминан 6-7 млн кишининг жасади ётган Париж катакомбалари эгаллаган. Бу ердаги айрим ертўлалар одам суякларидан қурилган бўлиб, сайёҳлар уларни бемалол томоша қилиши мумкин. Рўйхатда 6-ўрин Африканинг Того давлатидаги “Akodessewa” туморлар бозорига берилган. Шунингдек, рейтингда Мексика, Руминия, Хитой, Буюк Британия ва АҚШдаги “қўрқинчли, аммо қизиқарли” жойлар ҳам тақдим этилган.
Эътиборли томони шундаки, рейтингга киритилган жойларнинг кўпчилигига жуда кўп сайёҳлар боради, баъзида уларнинг сони йилига юз мингдан ошиб кетади. Ўзбекистон эса бу борада сезиларли даражада ортда қолган – ўтган йили Орол денгизи бўйлаб сайёҳатга бор-йўғи бир неча юз хорижлик турист чиққани қайд этилади.
Шарҳлар