Тошкентда милиция машинаси пиёдани уриб кетгани ҳақидаги хабар рад этилди
Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси 18 август, душанба куни тунда содир бўлган ва ижтимоий тармоқларда шов-шувга сабаб бўлган йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан маълумот берди.
Аввалроқ, 18 август куни тунда Аграр университети тарафдаги Темур Малик кўчасида «милиция машинаси пиёдани уриб, воқеа жойидан қочиб кетгани, қоидабузар автомобиль рақами эса ИИВ органларига мансуб» экани ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда, уларга асосланиб эса бир қатор сайтларда, хусусан, “Vesti.uz”да тарқатилган эди, деб ёзади Kun.uz. Хабарларда ЙТҲни содир этган автомобилнинг давлат рақами 676 VSB экани ҳам алоҳида қайд этилган.
Kun.uz берган маълумотга кўра, Тошкент шаҳар ЙҲХБ навбатчиси ҳақиқатан ҳам 18 август, душанба куни Аграр университети тарафда Matiz автомобили иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир этилганини айтган. Унинг қайд этишича, пиёдани босиб кетишда гумон қилинган Matiz топилган, ўша вақтда автомобиль ичида бўлган икки киши эса эҳтиёт чораси сифатида ҳибсга олинган, айни пайтда улардан қайси бири рулда бўлганига аниқлик киритилмоқда.
«ЙТҲни содир этган Matiz автомобилининг давлат рақами ҳақиқатан ҳам 676 VSB бўлиб, автомобиль ичида бўлган икки киши ИИВ органларига алоқадор эмас», – дейди Тошкент шаҳар ЙҲХБ навбатчиси.
Қайд этишларича, сўнгги вақтларда ИИВ органлари автомобилларининг VSB серияли давлат рақамлари бошқа сериядаги рақамларга алмаштирилган бўлиб, ҳозирги вақтда VSB сериясидаги рақамлар оддий фуқаролар бошқарувидаги автомобилларга, масалан, турли юридик шахслар (фирмалар, ташкилотлар)нинг хизмат машиналарига ҳам берилмоқда.
Тошкент шаҳар ЙҲХБ вакилининг қўшимча қилишича, йўл-транспорт ҳодисаси натижасида пиёда вафот этган.
Фотосурат: masterok.uz
Шарҳлар