Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга Сиань шаҳрининг рамзий калити тақдим этилди
20 август, куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Шэньси провинциясидаги қадимий Сиань шаҳрига ташриф буюрди.
Президент Ислом Каримов Сианнинг қадимий обидалари билан танишувни терракота армияси музейидан бошлади. Бу ердаги саккиз мингдан зиёд аскар, гарчи сополдан бўлса-да, ҳақиқий жанговар от-аравалари ва қурол-аслаҳалари билан ўз даврининг энг қудратли армиясини намоён этади. Улар 1974 йилги қазишма ишлари даврида эрамиздан аввалги 210-209 йилларда мамлакатни бирлаштирган император Цинь Шихуандининг мақбараси атрофидан топилган. 1987 йилда терракота армияси ЮНЕСКО томонидан Жаҳон мероси дурдоналари рўйхатига киритилган.
Ўзбекистон раҳбари музейнинг Фахрий меҳмонлар китобига дастхат битди.
Шундан сўнг Президент Ислом Каримов Сианда қадимий шаҳар деворини кўздан кечирди.
Деворнинг асосий шарқий дарвозаси олдидаги майдонда энг ҳурматли меҳмонларга кўрсатиладиган иззат-икром ва ҳурмат-эҳтиром маросими ўтказилди – Ўзбекистон Президентига тантанали равишда Сиань шаҳрининг рамзий калити тақдим этилди, деб ёзади ЎзА.
Шаҳарга ташриф асносида давлатимиз раҳбари Шэньси провинцияси партия қўмитаси котиби – Халқ вакиллари кенгаши раиси Чжао Чжэнюн ва провинция ҳокими Лоу Циньцзянь билан учрашди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Хитойга давлат ташрифи самарали кечаётгани алоҳида таъкидланди. Ўзбекистон ва Хитойнинг маъмурий-ҳудудий бирликлари, жумладан, Самарқанд билан Сиань ўртасида бевосита ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Фотосурат: wikimedia.org
Шарҳлар