Жаҳон банкининг Роғун ГЭСи бўйича якуний хулосаси: «Тўғонни қуриш ва ундан фойдаланиш мумкин»
Жаҳон банки Тожикистондаги Роғун ГЭСи қурилиши лойиҳаси бўйича экспертлар гуруҳларининг 12 та якуний ҳисоботини нашр қилди. Роғун ГЭСи лойиҳаси учун техник-иқтисодий асослаш (ТИА) ишларининг тадқиқи «Coyne et Bellier” (Франция), “Electroconsult” (Италия) ва “IPA” (Буюк Британия) консорциуми томонидан ўтказилди. Бунга параллел равишда бошқа бир консультант “Poyry Energy Ltd.” (Швейцария) томонидан эса экологик ва ижтимоий таъсирни баҳолаш (ЭИТБ) ишлари ўтказилди.
Жаҳон банки гуруҳи оригинал лойиҳага ўзгаришлар киритилишини ва хавфларни юмшатиш бўйича муайян чоралар амалга оширилишини ҳисобга олган ҳолда тўғонни Роғун участкасида халқаро хавфсизлик меъёрларига биноан барпо этиш ва ундан фойдаланиш мумкин деган хулосага келди.
Ҳисоботда тўғоннинг учта эҳтимолий баландлиги тадқиқ қилинган (денгиз сатҳидан 1290, 1255 ва 1220 метр баландликда ва шунга мос равишда сув омборларининг умумий ҳажми 13,3, 8,6 ва 5,2 млрд кубометр). Тадқиқотдаги хулосага кўра, денгиз сатҳидан 1290 метр баландликдаги тўғон варианти тизимнинг энг юқори умумий тежамкорлигини ва энг юқори келтирилган соф қийматни беради.
Детерминантлаштирилган ёндашувдан фойдаланган ҳолда олинган лойиҳалаштиришнинг сейсмик параметрлари асосида тадқиқотчилар тўғон баландлиги бўйича учала муқобил вариант ҳам максимал ҳисобий ер силкинишига бардош бера олади, деган хулосага келди.
Тадқиқот натижалари бўйича Роғун ГЭСини лойиҳалаштириш бўйича вариантларнинг исталгани “Роғун ГЭСи йўқ” варианти билан солиштирганда Тожикистондаги электр энергиясига бўлган эҳтиёжни қондириш учун энг камхарж вариант бўлиши аниқланди.
Олдин маълум қилганимиздай, Роғун ГЭСи лойиҳаси ўтган асрнинг ўрталарида ҳозирда бир нечта мустақил давлатга ажралган Марказий Осиё минтақасини ривожлантириш режаси доирасида ишлаб чиқилган эди. Дастлаб ГЭС минтақадаги суғориш ва гидроэнергетика мақсадларини кўзлаган бўлса, ҳозир унга электр энергиясини ишлаб чиқариш, дарё оқимини тартибга солиш, сув тошқинларига қарши курашиш ва дарё чўкиндиларини назорат қилиш бўйича кўп мақсадли лойиҳа сифатида қаралмоқда.
Бўлғуси станциянинг қурилиш майдонлари Душанбедан 110 км шарқда жойлашган. Вахш каскадида 1980-йиллардан буён фойдаланиб келинаётган ва Роғун ГЭСи оқими бўйлаб 70 км пастда жойлашган Нурек ГЭСи энг катта аҳамиятга эга ёки эга бўлади. Тўғонининг баландлиги 300 метр бўлган Нурек ГЭСи дунёдаги энг баланд тўғон ҳисобланади, ундаги сув омборининг ҳажми 10,5 млрд кубометрни ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, Тожикистон мамлакатдаги энергия танглиги фақат Роғун ГЭСи қурилиши якунланганидан кейин ҳал этилиши мумкин, дея таъкидламоқда.
Ўз навбатида, Ўзбекистон эса ГЭС қурилиши катта миқёсли жиддий технологик, ижтимоий, экологик ва ижтимоий-иқтисодий хавф-хатарларга сабабчи бўлишини айтиб, Роғун ГЭСи лойиҳасига қарши чиқяпти.
Шарҳлар