“Камалак юлдузлари-2014” фестивалига аризалар қабули бошланди

“Камалак юлдузлари-2014” фестивалига аризалар қабули бошланди

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги “Камалак юлдузлари-2014” болалар ижодиёти фестивалига аризалар қабули бошланганини эълон қилди, дея хабар беради Uzreport.uz.

“Камалак юлдузлари” танловини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад иқтидорли болаларни аниқлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, истеъдод ва маҳоратларини намоён этишлари учун имконият яратиб бериш, ёш авлоднинг маънавий оламини бойитиш, маданий савиясини юксалтириш, санъат ва гўзалликка бўлган интилишини кучайтириш, миллий санъат анъаналари ва йўналишларини асраш, ривожлантириш ҳамда давом эттиришдан иборат. Унда 6 ёшдан 14 ёшгача бўлган иқтидорли болалар иштирок этиши мумкин.

Танлов қуйидаги олти йўналиш бўйича ўтказилади:

“А” йўналиши — фортепиано, торли-камонли, дамли ва зарбли чолғу асбоблари;
“B” йўналиши — миллий ва академик ижро, эстрада, фолклор ва хор гуруҳлари;
“C” йўналиши — плекторли, камонли, дамли ва зарбли халқ чолғу асбоблари;
“D” йўналиши — миллий, бал ва замонавий рақслар;
“E” йўналиши — тасвирий (графика, ранг-тасвир, ҳайкалтарошлик) ва амалий санъат (зардўзлик, дўппидўзлик, қуроқчилик, гиламдўзлик, қўғирчоқчилик, каштачилик, гобелен, батик, наққошлик, ганчкорлик, кулолчилик, ёғоч ўймакорлиги, мисгарлик, кандакорлик, тоштарошлик);
“F” йўналиши — насрий (эртак, ҳикоя, қисса, роман) назм асарлари (шеър, ғазал, достон).
 
Аризалар 2014 йилнинг 25 сентябрига қадар қабул қилинади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.