Россиялик миллиардерлар активларини РФга қайтаришни бошлади

Foto: Getty Images

Ғарб санкцияларига учраган россиялик миллиардерлар аста-секинлик билан активларини ўз ватанига ўтказа бошлади. Бунга кўп жиҳатдан Кипр ва Швейцария таъсисчилари ёки бенефициарлари Россия фуқаролари бўлган оилавий трастларни бошқариш бўйича хизматларни тақдим этмай қўйгани сабаб бўлди. Bloomberg агентлигига икки нафар россиялик миллиардер анонимлик шарти билан маълум қилишича, ўз активларини Россияга ўтказиш чоғида тадбиркорлар бизнеснинг миллийлаштирилиши хавфларига дуч келмоқда.

Агентлик суҳбатдошлари айтишича, ҳозир улар фақат Россияда бизнес олиб боришга мажбур. Давлат уларнинг активларини миллийлаштиришга қодирлиги ҳақида эса ўйламасликка ҳаракат қилишяпти.

Bloomberg томонидан тилга олинган, ўртача ёши 63 га тенг бўлган 26 нафар миллиардернинг умумий бойлиги қарийб 350 миллиард долларга баҳоланмоқда. Ёши туфайли, улар ўз давлатини меросхўрларига бериш йўлларини режалаштиришга мажбур бўлмоқда.

Агентлик ёзишича, Россия анчадан буён ўз миллиардерларини қайтаришга уриниб, меросни топшириш учун қулайроқ шароитларни яратмоқда. Мамлакатда мерос учун солиқ йўқ, шунингдек, мерос фондлари ҳақидаги қонун амал қилади, улар мол-мулкни кейинги авлодга осонлик билан ўтказиш имконини беради.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.