Тошкентда Кантон ярмаркаси ташкилотчилари билан телекўприк ташкил этилди

Тошкентда Кантон ярмаркаси ташкилотчилари билан телекўприк ташкил этилди

Тошкентдаги «Техно Плаза» марказида ўзбекистонлик тадбиркорлар ва машҳур «Canton Fair» ярмаркасининг ташкилотчилари ўртасида телекўприк ташкил этилди.

Хитойдан амалга оширилган тўғридан-тўғри эфир доирасида Кантон ярмаркасининг вакили Жан Кью экспонентларнинг экспорт салоҳиятини тақдим этди, иштирок этувчи компанияларни танлаш мезонлари ҳақида гапириб берди, дея хабар беради “Туркистон-пресс” НАА.

Ярмаркада фақат Кантон ярмаркаси ташкилотчиларининг махсус сифат сертификатини олган корхоналаргина қатнашиши қайд этилди.
 
Ўзбекистонда «International Business Travel» (IBT) компанияси Кантон ярмаркасининг эксклюзив вакили ҳисобланади. У бу йўналишда 8 йилдан буён фаолият кўрсатади. Ўтган давр мобайнида у 1 мингдан зиёд ўзбекистонлик тадбиркорларга мазкур ярмаркада қатнашишга кўмаклашди.

Қайд этиб ўтамиз, Кантон ярмаркаси 1957 йилдан буён ҳар йили икки марта – баҳор ва кузда ўтказиб келинади. Ярмаркада тузиладиган битимлар қиймати Хитойнинг бир йиллик экспорти ҳажмининг ўндан бир қисмини ташкил этади.  

Бу йил октябрь ойида ярмарка 116 бор ўтказилади. Унда 200 дан ортиқ мамлакат вакиллари қатнашади. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.