Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари икки мамлакат орасидаги тўсиқлар бартараф этилишига ишончи комил
Душанбеда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг икки томонлама учрашуви бўлиб ўтди.
ТР президентининг матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, ушбу муҳим учрашув аввалида Э.Раҳмон “Тожикистон, шубҳасиз, Ўзбекистон билан муносабатларини асосий устувор йўналишлардан бири деб ҳисоблашини” қайд этди. “Биз қардош Ўзбекистон билан тенг ҳуқуқли муносабатларни мустаҳкамлашдан, ҳамкорликни кенгайтириш ва барча даражадаларда алоқаларни йўлга қўйишдан самимий манфаатдор эканимизни алоҳида таъкидлашни истардим”, – деди Тожикистон раҳбари.
Иккала давлат раҳбари ҳам бир-бирига қўшни бўлган икки мамлакатнинг кўп асрлик тарихи давомида шаклланган дўстона ва яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш тарафдори эканини билдирди.
Шу билан бирга, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айланмасининг ҳажми 2007 йилдаги $300 млн.дан 2014 йилдаги $2,1 млн.гача камайгани афсус билан қайд этилди. Ҳолбуки, мавжуд салоҳият ҳисобга олинадиган бўлса, мамлакатлар ўртасидаги товар айланмасининг йиллик ҳажми $500 млн.гача етиши мумкин.
«Илиқ ва самимий муҳитда бўлиб ўтган конструктив суҳбат чоғида икки қўшни мамлакат муносабатларини ривожлантириш йўлидаги мавжуд тўсиқлар 2000 йили имзоланган Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома доирасида бартараф этилишига ишонч билдирилди», – дея қўшимча қилади ТР президентининг матбуот хизмати.
Шарҳлар