“Euronews” Ўзбекистоннинг диққатга сазовор жойларини реклама қилмоқда
2014 йил сентябрь ойидан “Euronews” телеканали Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини реклама қилувчи видеороликни намойиш эта бошлади.
Ушбу реклама кампанияси Ўзбекистоннинг тарихий ва маданий мероси ҳақидаги маълумотларни жаҳон бозорида, биринчи навбатда, Европа давлатларида илгари сурмоқда, деб ёзади “Ўзбектуризм” МКнинг сайти.
Канал тез орада янги “Сity-tour” рукнини ҳам ишга туширади, унда Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор жойлари тақдим этилади.
«Life» рукни доирасида намойиш этилиши режалаштирилган “Ўзбекистон ҳаёти” деб номланувчи видеолавҳалар серияси томошабинларни мамлакатнинг асосий сайёҳлик марказлари бўлмиш Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарлари билан таништиради. «Focus» рукнида ЮНВТОнинг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган 99-сессияси ҳам ёритилади. Ушбу тадбир “Буюк ипак йўлининг тикланиши тўғрисида”ги Самарқанд декларациясининг 20 йиллик юбилейига тўғри келмоқда.
Қайд этиб ўтамиз, “Ўзбектуризм” компаниясининг ушбу телеканал билан ҳамкорлиги 2014 йил май ойида Ўзбекистонга ташриф буюрган «Euronews” вакиллари билан музокаралар давомида белгиланган эди. Ушбу канал орқали мамлакатимиз маданияти билан 370 млн дан ортиқ киши танишади.
Маълумот учун: “Euronews” канали 155 та мамлакатда 13 та тилда янгиликлар, маданий, илмий ва бошқа кўрсатувларни туну-кун трансляция қилади.
Шарҳлар