Ўзбекистондаги сиёсий партиялар имзо йиғишни бошлади

Ўзбекистондаги сиёсий партиялар имзо йиғишни бошлади

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партиялар вакилларига сайловчилар имзосини тўплаш учун имзо варақалари берилди, деб ёзади ЎзА.

Мазкур жараён сиёсий партияларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайловда иштирокини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилмоқда. 

Парламент сайловларида барча сиёсий партиялар – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси қатнашади.

Қонунга биноан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинадиган кундан камида тўрт ой олдин рўйхатга олинган сиёсий партиялар депутатликка номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга.  

“Сиёсий партия сайловда уни қўллаб-қувватлайдиган сайловчиларнинг камида қирқ мингта имзосини тўплаши зарур. Бунда мамлакатимизнинг битта маъмурий-ҳудудий тузилмасида, яъни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ёки Тошкент шаҳрида тўпланган имзолар сони талаб этилган имзолар сонининг саккиз фоизидан ошмаслиги белгиланган”, – дейди МСК котиби К.Одилов.

Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатлар асосида беш кунлик муддат ичида сиёсий партиянинг сайловда қатнашишига ижозат бериш тўғрисида якуний қарор қабул қилади. Сайловда иштирок этувчи партияларнинг рўйхати аризалар келиб тушиш тартибига қараб, марказий матбуотда эълон қилинади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2014 йилнинг 15 сентябридан парламент қуйи палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов бўйича сайлов кампанияси расман бошланди. Сайловлар 2014 йилнинг декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбаси – 21 декабрда ўтказилади. 

135 нафар депутат ҳудудий, бир мандатли сайлов округлари бўйича кўп партиявийлик асосида умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан сайланади. 15 депутатлик ўрни эса Ўзбекистон Экологик ҳаракатига берилган. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.