Ўзбекистоннинг Қримга қўшган ҳиссаси: 1200 та сайёҳ ва 25 млн долларлик санаторийлар

Ўзбекистоннинг Қримга қўшган ҳиссаси: 1200 та сайёҳ ва 25 млн долларлик санаторийлар

2014 йилнинг январь-июль ойларида ўзбекистонлик 1200 та сайёҳ Қримда бўлди. Бу ҳақда Россиянинг Қрим Республикаси бўйича Федерал хавфсизлик хизмати чегара бошқармасининг маълумотлари далолат бермоқда, деб ёзади 12news.uz.

Қрим Сайёҳлик ва курортлар вазирлигининг матбуот хизмати бу борадаги кўрсаткичларнинг пасайишини (2013 йилда Қримда беш мингга яқин ўзбекистонлик дам олган) шу йил март ойида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси томонидан Симферополга амалга ошириладиган тўғридан-тўғри рейсларнинг тўхтатилиши билан боғламоқда.

Шунга қарамасдан, жорий йилнинг иккинчи чорагида Ўзбекистон Қримнинг йирик инвесторларидан бирига айланди. Хусусан, Ўзбекистон ҳукумати Ялтадаги “Ўзбекистон” соғломлаштириш мажмуини реконструкция қилиш ва Қримда янги пансионатларни барпо этишга 25,4 млн доллар йўналтирди. Ялтадаги “Ўзбекистон” санаторийси (Бухоро Амирининг ёзги қароргоҳи базасида 1924 йилдан бошлаб фаолият кўрсатмоқда) Ўзбекистон Республикасининг мулки ҳисобланади.

«Ўзбекистон» санаторийси Могаби тоғининг шимоли-шарқий ёнбағридаги ўрмон зонасида жойлашган, ундан Ялта марказигача бўлган масофа 8 км ни, денгизгача 12 км ни ташкил этади. Ушбу ҳудудда 7 та ётоқ ва даволаш корпуси, 240 та ўринга мўлжалланган 129 та хона жойлашган. Ўрта ер денгизи типига кирувчи ноёб денгизбўйи иқлимига эга. Ўзбекистон фуқаролари учун йўлланмалар сўмда ЎзР Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Тиббий-санитария бирлашмаси орқали сотилади. Бу ерда асосан сурункали ўпка ва юқори нафас олиш йўллари, юрак-қон томир ҳамда асаб тизими касалликлари даволанади.  
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.