«Ўзбекэнерго» компанияси бешта ГЭС модернизацияси учун 335 миллион доллар сарфлайди

«Ўзбекэнерго» компанияси бешта ГЭС модернизацияси учун 335 миллион доллар сарфлайди

«Ўзбекэнерго» давлат акциядорлик компанияси Тошкент ва Фарғона вилоятларидаги бешта гидроэлектрстанцияни модернизация қилиш учун 2014 йил декабрида тендер эълон қилишни режалаштиряпти. Бу ҳақда UzDaily хабар беради.

Шу ҳафтада «Ўзбекэнерго» Тошкент вилоятидаги иккита ва Фарғона вилоятидаги битта – жами учта ГЭС каскадини модернизация қилиш бўйича дастлабки саралаш танловини эълон қилди. Бош пудратчини аниқлаш бўйича асосий тендер эса декабрда эълон қилинади.

Айни пайтда Тошкент вилоятидаги яна иккита ГЭС каскадини модернизация қилиш бўйича иштирокчилари аниқлаб олинган бўлиб, уларнинг бош пудратчиларини танлаш бўйича асосий тендер ҳам декабрда ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Умумий қиймати 335 млн долларга тенг бўлган ушбу лойиҳалар ГЭСлардаги генератор ва турбиналарни, шунингдек электр ускуналар, реле ҳимояси ва алоқа тизимини алмаштиришни кўзда тутади. Лойиҳа амалга ошириш натижасида станцияларнинг фаолият кўрсатиш даври узаяди, ишлаб чиқарилаётган энергия миқдори эса 50 мегаваттгача ошади.
Лойиҳалар Ислом тараққиёт банкининг 200 миллион долларлик маблағлари ҳамда Ўзбекистоннинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.