Апостилни энди уйдан чиқмасдан туриб қўйдириш мумкин
Давлат тест маркази томонидан Ягона порталда таълим, фан ва ўқув муассасаларидан чиқадиган расмий ҳужжатларга апостил қўйиш учун аризаларни расмийлаштириш бўйича янги хизмат жорий этилди.
Ушбу хизмат натижаси таълим муассасалари томонидан берилган расмий ҳужжат аслига ёки нотариал тасдиқланган нусхасига «апостиль» штампи қўйилиши ҳисобланади.
Мазкур хизмат Ягона порталда ўрнатилган тартибда рўйхатдан ўтган жисмоний шахсларга кўрсатилади.
Ундан фойдаланиш учун аризачи ўз аризасига таълим муассасаларидан чиқадиган расмий ҳужжатлар (диплом, шаҳодатнома, сертификат)нинг ҳамда хизмат тўлови квитанцияси ёки давлат ташкилоти томонидан берилган ваколатномаларининг сканерланган нусхасини электрон тарзда илова қилиб юбориши зарур бўлади.
Давлат тест маркази, ўз навбатида, таълим муассасаларидан чиқадиган расмий ҳужжатларга апостиль тайёрлайди; таълим муассасаларидан чиқадиган расмий ҳужжатларнинг ҳаққонийлигини тасдиқлайди.
Ушбу хизмат пулли ҳисобланиб (давлат ташкилотлари ваколатномалари мавжуд ҳоллар мустасно), тўловни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 17.11.2011 йилда тасдиқланган 307-сонли қарорининг 8-бандига мувофиқ амалга ошириш кўзда тутилган, дея хабар беради Давлат тест маркази.
Шарҳлар