Тошкент халқаро аэропорти жаҳоннинг энг ёмон беш аэропортидан бири деб топилди
“The Guide to Sleeping in Airports” («Аэропортларда ухлаш бўйича йўриқнома») интернет-ресурси танловига кўра, Тошкент халқаро аэропорти жаҳоннинг энг ёмон бешинчи, Осиёнинг энг эса тўртинчи аэропорти деб топилди, дея хабар беради “Kun.uz” нашри.
Сайт ўз маълумотларини аэропортларда бўлган йўловчиларнинг фикрлари асосида шакллантиради, жаҳон аэропортларини яхши ва ёмон деб топишда аэропорт ҳақида фойдаланувчилар томонидан қолдирилган фикрларга асосланилади.
Қайд этишича, Тошкент аэропортида сўнгги вақтларда келиш ва кетиш залларида шароит бир қадар яхшиланганига қарамай, навбат ва оломон билан боғлиқ муаммолар ҳали ҳам «хафсалани пир қилади».
Тошкент аэропортида бўлган халқаро йўловчиларнинг аксарияти деярли ҳар нарсадан – рўйхатга олишдан тортиб, багажни топширишга бўлган барча жараёнлардан норозилигини маълум қилган.
Ресурснинг қайд этишича, Тошкент халқаро аэропортида навбат ва оломонни тартибга солиш бўйича ҳеч қандай ишлар амалга оширилмайди. «Бу аэропортда ухлаш қатъий тавсия этилмайди», – дейилади ресурс маълумотида.
Жаҳон бўйича умумий рейтингда Покистон пойтахти – Исломободдаги халқаро аэропорт биринчи бўлган. Ундан кейинги ўринларда Саудия Арабистони пойтахти Жиддадаги «Қирол Абдулазиз халқаро аэропорти», Непал пойтахти Катмандудаги «Трибҳуван халқаро аэропорти», Филиппин пойтахти Маниладаги «Нино Акиньо халқаро аэропорти» келмоқда.
Кучли ўнликда, Тошкент халқаро аэропортидан кейинги ўринларда, Париж (Франция), Франкфурт (Германия), Бергамо (Италия), Берлин (Германия), Нью-Йорк (АҚШ)даги аэропортлар бор. «2014 йилнинг энг ёмон аэропортлари» рейтингига Тошкентдан бошқа МДҲнинг бирорта шаҳри кирмаган.
Қайд этиш жоиз, 2013 йил давомида Тошкент шаҳрида футбол учрашувларини ўтказган Иордания терма жамоаси, Япониянинг «Санфречче Хиросима» ва Хитойнинг «Бейжинг Гуоан» футбол клублари вакиллари ҳам Тошкент аэропортидан нолиган эди.
Шарҳлар