Ислом Каримов Туркманистон Президентига “Мустақиллик ордени”ни топширди
Шу йилнинг 22 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Туркманистон Президенти Гурбангули Мяликгулиевич Бердимуҳамедовни «Мустақиллик» ордени билан мукофотлаш тўғрисидаги Фармонни имзолади.
“Ўзбек ҳамда туркман халқлари ўртасидаги ҳар томонлама дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги катта хизматлари, тинчликни таъминлаш ва халқаро алоқаларни кенгайтириш ишларига қўшган салмоқли ҳиссаси учун Туркманистон Президенти Гурбангули Мяликгулиевич Бердимуҳамедов «Мустақиллик» ордени билан мукофотлансин”, – дейилади Фармонда.
Қайд этиб ўтамиз, 23 октябрь куни Ўзбекистон раҳбари Туркманистон Президентининг таклифига биноан расмий ташриф билан Туркманистонга жўнаб кетди.
Ашхобод шаҳрининг халқаро аэропортида олий мартабали меҳмон шарафига Ўзбекистон ва Туркманистон давлат байроқлари кўтарилди, фахрий қоровул саф тортди.
Ўзбекистон раҳбарини Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов кутиб олди.
Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Ўзбекистон делегацияси ўзи учун ажратилган «Сердар» ҳукумат қароргоҳига йўл олди.
Дастурга мувофиқ расмий ташрифнинг асосий тадбирлари 24 октябрь куни бўлиб ўтади. Ташриф якунлари бўйича давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти, Ўзбекистон ва Туркманистоннинг турли соҳалардаги ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришга доир қатор ҳужжатлар имзоланади, дея хабар беради ЎзА.
Шарҳлар