Ўзбекистон ғўза генетикаси илмий мактабининг асосчиси вафот этди
Мамлакатимиз илм-фани оғир жудоликка учради. Биология ва генетика соҳасидаги таниқли олим, биология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Жўра Азимбоевич Мусаев 86 ёшида вафот этди, дея хабар беради ЎзА.
Ж.Мусаев 1928 йили Тошкент вилоятида туғилди. 1948 йили Ўрта Осиё давлат университетини биолог-ботаник мутахассислиги бўйича тугатиб, аспирантурада ўқишни давом эттирди. 1955 йилда номзодлик, 1974 йили докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1984 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг аъзоси этиб сайланди.
Таниқли олим ўзининг 60 йилдан ортиқ илмий-педагогик фаолияти мобайнида Ўзбекистон Миллий университети ғўза генетикаси лабораторияси ва кафедраси мудири, профессори, Фанлар академиясининг Ўсимликлар экспериментал биологияси институти лаборатория мудири, директори, Фанлар академиясининг бош илмий котиби каби масъул лавозимларда самарали меҳнат қилди ҳамда биология ва генетика соҳасидаги долзарб масалаларни тадқиқ этиш, илм-фаннинг мазкур йўналишида юқори малакали кадрлар тайёрлаш ишига муносиб ҳисса қўшди.
Ж.Мусаев Ўзбекистонда ғўза генетикаси илмий мактабига асос солди. Унинг генетиканинг назарий ҳамда амалий масалаларига бағишланган қатор мақола ва рисолалари, илмий янгилик ва ихтиролари мазкур соҳа ривожида алоҳида ўрин тутиши мамлакатимиз ва хорижий жамоатчиликка яхши маълум.
Заҳматкаш олим талабчан ва жонкуяр устоз сифатида кўплаб ёшларга илм-фан сирларидан сабоқ берди. Унинг бевосита раҳбарлигида ўнлаб фан номзодлари ва докторлари тайёрланди.
Академик Ж.Мусаевнинг мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган. У “Ўзбекистон Республикаси фан арбоби” фахрий унвони, “Буюк хизматлари учун”, “Эл-юрт ҳурмати” орденлари билан мукофотланган, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи даражали давлат мукофотига сазовор бўлган эди.
Фотосурат: ©ЎзА
Шарҳлар