Германияда Россия махфий хизматининг топшириғи бўйича диверсия амалиётини режалаштиришда гумон қилинаётган икки фуқаро ҳибсга олинди

Фото: news.am

Германияда Россия махсус хизматининг топшириғи билан қўпорувчилик амалиётини режалаштирганликда гумон қилинган икки эркак ҳибсга олинди. Бу ҳақда Германиянинг Der Spiegel нашри хабар беради.

Улар Украинани қўллаб-қувватлашга путур етказиш мақсадида, жумладан, Америка ҳарбий нишонларига нисбатан қўпорувчилик ҳужумларини тайёрлашда гумон қилинмоқда, дейди Германия прокуратураси. Ҳибсга олишлар чоршанба куни эрталаб Байройт (Бавария) шаҳрида полиция махсус кучлари томонидан амалга оширилган.

Der Spiegel нашрининг ёзишича, асосий гумондор бавариялик 39 ёшли Дитер С. Унинг Германия ва Россия фуқаролигига эга эканлиги тахмин қилинмоқда. Федерал прокурорлар уни бошқа нарсалар қатори Махфий хизмат агенти сифатида ишлаганликда айбламоқда. Дитер С. 2023 йил октябрь ойидан бери Россия разведка хизматларининг алоқалари билан Германиядаги диверсия амалиётлари ҳақида фикр алмашиб келаётганига терговчиларнинг ишончи комил.

Хабар қилинишича, у ҳарбий инфратузилма, қурол заводлари ва саноат майдонларида ўт қўйиш ва портлашлар уюштиришга рози бўлган. Яна бир айбланувчи Александр Ж. 2024 йилнинг март ойидан бери унга ёрдам берган.

Der Spiegel нашрининг ёзишича, объектлар сирасига Бавариядаги Графенвёр армия базасини ўз ичига олган бўлиб, у ерда украиналик аскарлар Американинг Abrams танкларидан фойдаланишга ўргатилмоқда.

“Бу ҳаракатлар, хусусан, Россиянинг босқинчилик урушига қарши Германия томонидан Украинага берилган ҳарбий ёрдамга путур етказишга қаратилган”, — дейилади немис прокуратураси баёнотида.

Россиянинг Берлиндаги элчихонаси ҳибсга олишлар ва айбловлар бўйича ҳозирча изоҳ бермади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.