Ўзбекистонда ҳам патент “урушлари” бошланди
Суд ижрочилари томонидан ўзбек компанияларидан бири эгалик қилувчи патентни бузган ҳолда ишлаб чиқарилган 4600 тадан ортиқ ичимлик йўқ қилинди. Биз хориж матбуотида ўқийдиган ва тинглайдиган патент “урушлари” энди Ўзбекистонда ҳам бошланди.
Бир неча ҳафта олдин салқин ичимликлар ишлаб чиқарувчи «SMILE LUX» МЧЖ компанияси суд тартибида «Niagara Bottlers» МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган 4600 тадан зиёд маҳсулот партиясини йўқ қилишга эришди. «VOLT EXPRESS» МЧЖ компанияси томонидан ишлаб чиқарилган яна бир маҳсулот партияси эса сотувдан олиб қўйилди ва ҳозир суд ижрочилари томонидан ҳибсга олинган.
«SMILE LUX» МЧЖ 2000-йиллар бошларидаёқ бутилка-ўрамга алоҳида тарзда қўйилган ичимлик ичиш учун мўлжалланган чўпли салқин ичимликларни ишлаб чиқара бошлаганди. Компания Ўзбекистонда бир нечта интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказган бўлиб, ҳозир ўз маҳсулотларининг ташқи кўриниши муҳофазасига, ўзи чиқарадиган ичимликлар бренди муҳофазасига ва, энг асосийси, алоҳида тарзда қўйилган чўп кўринишидаги фойдали модел учун олинган патентга эга. Ушбу чўп бутилканинг қопқоғи очилганида унинг ичидан чиқади.
Юқоридаги ҳолат Ўзбекистон тарихидаги шундай биринчи воқеа ҳисобланади. Таҳририятимиз «SMILE LUX» компанияси юристлари, «LEGALMAX» адвокатлик бюроси билан боғланиб, улардан бу борада маълумот олишга муваффақ бўлди:
Муҳаммадали Маҳмудов – «LEGALMAX» адвокатлик бюросининг вакили: «Биз мамлакатда маҳаллий тадбиркорлар патентлар, ноу-хау ва муаллифлик ишланмаларида ифодаланган инновациялар ва интеллектуал янгиликлар асосида фаолият кўрсатаётганидан мамнунмиз.
Бозорда компанияларнинг интеллектуал мулк объектларига эгалик қилиш ва улардан фойдаланишга асосланган баҳси рақобатнинг энг олий шакли ҳисобланади, ушбу рақобатлар сонининг ошиши эса ишга, айниқса ишлаб чиқаришга бўлган ёндашув яхши томонга ўзгараётганидан далолат беради. Буларнинг барчаси нафақат ҳуқуқ эгаларига, балки умуман Ўзбекистондаги тадбиркорлик фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади. Бунда судларнинг, Интеллектуал мулк агентлигининг роли катта.
Бизга ваколат берган юридик шахс ва унинг рақобатчилари ўртасидаги суд тортишувлари бир йилдан ортиқ вақт давом этди ва агар бизнинг тажрибадан келиб чиқиладиган бўлса, жавобгарлар суд томонидан чиқарилган ҳужжатлар устидан шикоят билдиришлари ҳам мумкин. Аммо биз охир-оқибатда Ўзбекистонда бундай мураккаб низоларни кўриб чиқишнинг тўғри амалиёти шаклланишига ишончимиз комил”.
Anhor.uz таҳририяти Ўзбекистон тадбиркорлари томонидан маданий бизнесда қабул қилинган одоб-ахлоқ меъёриларига қатъий амал қилиниши бозорни сифатли маҳаллий маҳсулотлар билан тўлдиришига умид қилади.
Шарҳлар