Ўзбекистонда шоира Зулфия таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланади
31 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги қарорни имзолади.
Ушбу ҳужжатга кўра Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини кенг нишонлаш таклифи ва бу борадаги ишлар билан шуғулланувчи қўмита таркиби тасдиқланди. Мазкур қўмитага бир ой муддатда Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини юқори савияда нишонлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш топширилди.
Режада:
– шоиранинг ўзбек тилида “Сайланма” асарларини, инглиз ва қорақалпоқ тилларига таржима қилинган шеърий тўпламларини;
– “Зулфия замондошлари хотирасида” китобини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш;
– шоиранинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратиш;
– Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтида “Мустақиллик даври адабиётида Зулфия ижодининг аҳамияти” мавзусида илмий конференция ўтказиш;
– мамлакатимиздаги олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар, умумий ўрта таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли адиб ва олимлар, санъаткорлар иштирокида учрашувлар, адабий кечалар ташкил этиш;
– 2015 йил март ойида Тошкент шаҳридаги “Туркистон” саройида зиёлилар, фаол хотин-қизлар, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида шоира хотирасига бағишланган ижодий кеча ўтказиш тадбирлари кўзда тутилиши керак.
Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш вазифаси Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва бошқа оммавий ахборот воситаларига юкланди.
Шарҳлар