Андижонда икки бошли илон топилди
Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида истиқомат қилувчи Муҳаммадзулун Турғунов ўз томорқасида ўтлар орасидан узунлиги 30 см келувчи икки бошли тирик илонни топди, деб ёзади “12news” мухбири.
М.Турғуновнинг сўзларига кўра, 1969 йилда унга отаси шу томорқада икки бошли илон борлигини айтган экан.
Яқин кунларда ушбу “топилмани” тадқиқ қилиш учун мутахассисларга беришади.
Табиатда икки бошли илонлар учраб туради, бироқ улар камдан-кам ҳолларда узоқ яшайди. Бундай илонларнинг пайдо бўлишига генетик мутация ҳам, ривожланишнинг дастлабки босқичида бир тухумли эгизакларнинг тўлиқ ажралиб кетмаганлиги ҳам сабабчи бўлиши мумкин. Икки бошли илон кўп ҳолларда қайси томонга судралишни билмайди. Бу уни йиртқичлар олдида заиф қилиб қўяди. Шу боис бундай жонзотнинг табиатда узоқ вақт тирик қолишининг деярли иложи йўқ.
Қайд этиб ўтамиз, бундай илонлар Испания, Туркия, Германия, Арманистон ва Россия ҳудудида ҳам топилган.
Фотосурат: Франс-Пресс
Шарҳлар