Тошкентдаги «Бахт» кўли ўрнида улкан дам олиш мажмуаси қурилади
Сўнгги йилларда қуритилган «Бахт» сунъий кўли ўрнида улкан дам олиш мажмуаси қурилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Бектемир тумани ҳокими Сарвар Махаметовга асосланиб Podrobno.uz хабар берди, деб ёзади “Дарё” нашри.
Ҳокимнинг сўзларига кўра, сўнгги ўн йил давомида сув манбаси ачинарли аҳволда бўлган. Охирги икки йилда эса унинг санитария-гигиена ҳолати ёмонлашгани сабабли кўлни қуритишга тўғри келган. Бироқ кейинги чўмилиш мавсумигача вазият ўзгариши айтилмоқда.
Махаметовнинг маълум қилишича, кўл ўрнида ташкил қилинадиган сувдаги дам олиш маскани лойиҳасини ишлаб чиқиш ишлари ҳозир охирги босқичда. Тез орада лойиҳа шаҳар ҳокимиятига тақдим этилади. Шунингдек лойиҳани молиялаштириш учун сармоядорлар ҳам изланмоқда.
Улкан мажмуа таркибида болалар майдончалари, қаҳвахоналар, бассейнлар, чўмилиш учун сунъий кўллар, ҳатто балиқчилик учун алоҳида сув ҳавзаси ва кичикроқ аквапарк бўлиши ҳам кўзда тутилган.
Шарҳлар