Чучук сув манбалари ҳақида бор маълумотни билиш лозим

Чучук сув манбалари ҳақида бор маълумотни билиш лозим

Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон метеорологлари музликларнинг ҳолатини аниқроқ мониторинг қилиш учун биргаликда уларнинг аэросъёмкасини амалга оширади. Бу ҳақда Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг мутахассиси Муҳаммаджон Хўжаев маълум қилди.

«2000 йилдан буён айни пайтга қадар Тожикистон ва Қирғизистонда ҳеч қандай ҳаво разведкаси ўтказилмаган, бунинг натижасида музликларнинг аҳволи ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Шу боис мазкур вазиятни прогнозлаш мақсадида Ўзбекистон томони биргаликда музликларнинг аэросъёмкасини ўтказишни таклиф қилди», — дейди Хўжаев.
 
«Ўзбекистон ҳудудидан олиб борилган кузатув маълумотлари ҳаво исишига бўлган барқарор тенденцияни кўрсатмоқда. Сўнгги 50 йил ичида Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати 1,5 даражага кўтарилди. Ҳаво намлиги ошиб бормоқда, атмосферанинг шаффофлик даражаси пасайган. Атмосфера босимидаги кескин ўзгаришлар тез-тез кузатилмоқда, музликларнинг 23 фоизи эриган», — дейилади Ўзгидромет мутахассисларидан иборат гуруҳ томонидан олиб борилган тадқиқотда.  
 
Ўзгидромет берган маълумотга кўра, олиб борилган ҳисоб-китоблар 2020 йилгача Ғарбий Тянь-Шандаги музликлар майдонининг тахминан учдан бир қисми қисқариши мумкинлигини кўрсатди. Бу 1980 йилга нисбатан олинган кўрсаткич.  

Музликларнинг камайиш ҳажми йилига 0,2 дан 1 фоизгача бўлган кўрсаткични ташкил этади. 2050 йилга келиб Амударё бассейни бўйлаб сув ресурсларининг ҳажми 10-15% га, Сирдарёда 2-5% га камайиши эҳтимоли мавжуд.

Ҳаво ҳароратининг кўтарилиши шароитларида сув буғланиши ҳисобидан суғориладиган зоналарда сув йўқолишининг кўпайиши кутилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.