Ўзбекистон жаҳон фаровонлик рейтингида юқорига кўтарилди
2014 йил 4 ноябрь куни нуфузли «Legatum» халқаро институти (Буюк Британия) ҳар йили янгиланиб борадиган Дунё мамлакатларининг фаровонлик индексини эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистон 57-ўринни эгаллади ва бир йил ичида олти поғона юқорига кўтарилди (2013 йилда 63-ўрин эди), дея хабар беради ЎзА.
Ўзбекистон Республикасининг фаровонлик борасидаги бу йилги рейтинги Греция, Руминия, Украина, Мексика, Россия, Индонезия, Сербия, Озарбайжон, Грузия, Туркия ва бошқа кўплаб давлатлар рейтингидан ошиб кетди.
Ўзбекистоннинг умумий рейтинги 2010 йилга нисбатан 19 позицияга, «иқтисодиёт» кўрсаткичи бўйича эса 41 позицияга кўтарилди.
Рейтинг тузувчилар ўз бизнесини ташкил этиш учун бошланғич маблағ даражасининг пастлиги, тадбиркорлик билан шуғулланиш учун жозибадорлик, аҳолининг молия институтларига ишончи каби кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистонни дунёнинг етакчи давлатлари қаторига киритди.
Рейтинг тузувчилар фикрига кўра, мамлакатимиз умумлаштирилган «ижтимоий тараққиёт» кўрсаткичи бўйича дунёда 16-ўринни мустаҳкам эгаллаб турибди. Ўзбекистон ўрта таълим билан қамраб олиш, таълим сифати, соғлиқни сақлаш тизими, юқумли касалликлардан ҳимоя қилиш, узоқ умр кўриш даражаси, шунингдек, болалар ўлимининг пастлиги, кам сонли миллатларга нисбатан бағрикенглик, оилаларнинг барқарорлиги каби йўналишлар бўйича юқори ижтимоий кўрсаткичларга эга.
Шунингдек Ўзбекистон аҳоли ҳуқуқларининг кафолатлангани, ҳукуматга, мамлакат мудофаа қобилиятига ишонч, болаларнинг таълим олиш имкониятлари, тўйиб овқатланиш, санитария шароитлари, шахсга ва аҳоли мулкига нисбатан жиноятчиликнинг пастлиги ва бошқа қатор муҳим кўрсаткичлар бўйича етакчи ўн мамлакат қаторидан жой олган.
Рейтингни тузишда БМТ, Жаҳон банки, Жаҳон савдо ташкилоти, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, бошқа халқаро ташкилотлар ва таҳлил институтларининг объектив маълумотлари, шунингдек, «Legatum» институти томонидан ўтказиб келинаётган ижтимоий тадқиқотлар асосий манба бўлиб хизмат қилган.
Шарҳлар