2015 йилда Давлат бюджетидан ижтимоий соҳага йўналтириладиган маблағлар қарийб 22 фоизга ошади

2015 йилда Давлат бюджетидан ижтимоий соҳага йўналтириладиган маблағлар қарийб 22 фоизга ошади

2014 йил 13 ноябрда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлиси очилди.

Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси И.Собиров олиб борди. 

Сенаторлар ўз ишларини Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини тасдиқлаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишдан бошлади. 

Муҳокама асносида келаси йилги солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли учун солиқ юкини янада камайтиришдан, солиқ солиш тизимини соддалаштиришдан, маҳаллий бюджетларнинг даромадлар қисмини мустаҳкамлашдан ҳамда солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштиришдан иборат бўлиб қолаётганлиги кўрсатиб ўтилди. 

Солиқ юкини янада камайтириш бўйича энг муҳим чоралардан бири сифатида юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг базавий ставкасини 8 фоиздан 7,5 фоизга тушириш назарда тутилмоқда, натижада юридик шахслар ихтиёрида қўшимча равишда 89,4 миллиард сўм қолади.

Меҳнатга ҳақ тўлаш фондига тушадиган солиқ юкини камайтириш мақсадида микрофирмалар ва кичик корхоналар, фермер хўжаликлари учун ягона ижтимоий тўлов ставкасини 25 фоиздан 15 фоизгача пасайтириш таклиф қилинмоқда. Шунингдек, микрофирмалар ва кичик корхоналар бўлмиш қурилиш ташкилотлари учун ягона солиқ тўлови ставкасини 6 фоиздан 5 фоизгача пасайтириш таклиф қилинмоқда.

Бундан ташқари, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича солиқ солишнинг тўрт босқичли шкаласи жорий этилмоқда. Бу шкала даромадларнинг биринчи гуруҳи (энг кам иш ҳақининг бир бараваригача) бўйича ноль ставкасини белгилашни назарда тутади. Мазкур чора ўртача иш ҳақидан кам ёки ўртача иш ҳақи даражасида даромад оладиган жисмоний шахсларга тушадиган солиқ юкини камайтиришга қаратилган. 

Давлат бюджетининг ижтимоий харажатлари жорий йилдагига нисбатан келаси йилда 1,2 баравар кўпаяди. Хусусан, мамлакат олий ўқув юртлари, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлари ўқув-лаборатория корпусларини, шунингдек, тиббиёт муассасаларини қуришни, реконструкция қилишни, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлашни молиялаштиришга катта миқдорда маблағ йўналтирилади. 

Давлат бюджетидан 138 та соғлиқни сақлаш объектини қуриш ва батамом замонавий техника билан жиҳозлашга 495 миллиард сўм, 246 та умумтаълим мактабини, 42 та академик лицей ва касб-ҳунар коллежини реконструкция қилишга, шунингдек, 246 та ўрта ва ўрта махсус таълим муассасасини мукаммал таъмирлашга 479 миллиард сўм ажратиш назарда тутилган. 72 та туман тиббиёт муассасаси қурилади.

Умуман, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларини молиялашга қилинадиган давлат харажатларининг ўсиши 2014 йилдагига нисбатан қарийб 22 фоизни ташкил этади. 

Муҳокама якунлари бўйича сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини тасдиқладилар ва тегишли қарор қабул қилди, дея хабар беради ЎзА.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.