“Ангрен” индустриал зонасида ишлаб чиқарилган кўмир брикетлари вилоятларга етказиб берилмоқда
“Ангрен” индустриал зонаси ҳудудида ташкил этилган “Jun long industrial” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси кўмир кукунидан брикет ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Бу ҳақда ЎзА маълум қилади.
Айни пайтда “Ўзбеккўмир” очиқ акциядорлик жамияти таркибига кирувчи конлардан катта миқдорда кўмир қазиб олинади. Бунда пайдо бўладиган кукундан шу пайтга қадар фойдаланилмаган эди.
3,2 миллион долларлик сармоя эвазига иш бошлаган мазкур корхонада ҳозир ана шу кукундан брикет ишлаб чиқарилмоқда. Бу ерда етмишга яқин киши меҳнат қилади. Ишчиларнинг қарийб 40 фоизи коллеж битирувчиларидир.
– Кўмир брикетлар асосан чўзинчоқсимон шаклда тайёрланади, – дейди “Jun long industrial” масъул ходими Саминжон Маҳкамов. – Бу тур кўмирлар анъанавий кўмирлардан ёқиш ва ёндиришда қулайлиги, атроф-муҳитга зарари камлиги, муайян ҳароратни узоқ вақт сақлаб туриши билан ажралиб туради.
Кунига 150 тонна кукунни қайта ишлаб, 90 тоннагача кўмир брикети тайёрлаш қувватига эга “Jun long industrial”да жорий йилнинг ўтган даврида 200 миллион сўмдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқарилиб, Фарғона, Андижон, Наманган, Сирдарё, Самарқанд ва бошқа вилоятларга етказиб берилди.
Шарҳлар