Ўзбекистон аэропортларида эболани аниқлашга ёрдам берувчи тепловизорлар ўрнатилди
Ҳар бир авиайўловчининг тиббий кўригини амалга оширувчи тепловизорлар Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Урганч ва Навоий аэропортларида ўрнатилди. Давлат чегарасидан ўтиш жойларида Ўзбекистонга келаётган фуқаролар пирометрлар билан текширилмоқда.
Бу ҳақда жума куни журналистларга Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, республика бош санитар шифокори Саидмурод Саидалиев маълум қилди.
«Тошкент халқаро аэропортининг учиб келиш залларида ҳар бир авиайўловчининг тиббий кўригини амалга оширувчи тепловизорлар ўрнатилди. Худди шундай қурилмалар сайёҳлар ва тадбиркорлар тез-тез ташриф буюрадиган Бухоро, Самарқанд, Урганч ва Навоий аэропортларига ҳам ўрнатилди», — дейди Саидалиев.
Унинг сўзларига кўра, Вирусология илмий-тадқиқот институти клиникасида Эбола безгагига чалинганлиги гумон қилинаётган шахсларни госпитализация қилиш учун босимни тартибга солувчи қурилмага эга махсус бокслар тайёрлаб қўйилган. Шунингдек, бу ерда зарур дори-дармонлар, индивидуал ҳимоя ва зарарсизлантириш воситалари захираси яратилган. Худди шундай захира вилоятлардаги юқумли касалликлар шифохоналарида ҳам ғамланган, дея хабар беради “UZ24” нашри.
Қайд этиб ўтамиз, яқинда эбола вирусининг Ўзбекистон ҳудудига кириб келишининг олдини олиш мақсадида эбола вируси тарқалган мамлакатларга ва улардан Ўзбекистонга қилинадиган сайёҳлик ва бошқа сафарлар вақтинчалик тўхтатилган эди.
Шарҳлар