“Махсустранс” япон корпорацияси билан ҳамкорликдаги лойиҳани амалга оширмоқда
“Махсустранс” ишлаб чиқариш бошқармаси Япониянинг “Шимидзу” корпорацияси билан ҳамкорликда “Мусаффо ривожланиш механизми” лойиҳасини амалга оширмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.
Лойиҳага кўра, Тошкент шаҳар чиқиндихонасида ҳосил бўладиган биогаз таркибидаги метан газини тўплаб ёқиш йўлга қўйилиб, шу орқали атроф-муҳит муҳофазаси таъминланмоқда.
Шу билан бирга, жорий йилда Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда 2014-2018 йилларда Тошкент шаҳрида қаттиқ маиший чиқиндиларни тартибга солишга мўлжалланган 76 миллион долларлик инвестициявий лойиҳани бажариш бошланди. Мазкур лойиҳа доирасида қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш йўлга қўйилиб, 200 дона автотранспорт воситаси харид қилиниши мўлжалланмоқда.
“Махсустранс” ишлаб чиқариш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Шуҳрат Иноғомовнинг сўзларига кўра, Тошкент шаҳридаги турар-жой мавзеларида 700 дан зиёд қўриқланадиган ҳамда 400 га яқин оддий чиқинди тўплаш майдончаси мавжуд. Шаҳар бўйича 12 мингдан зиёд махсус контейнерлар ўрнатилган.
Бу йил 185 та замонавий қўриқланадиган чиқинди йиғиш майдончаси қурилиб, бир қатор майдончалар таъмирланди. Қўриқланадиган чиқиндихоналар кўпроқ самара бераётгани боис келгусида уларни янада кўпайтириш режалаштирилмоқда.
Қайд этиб ўтамиз, айни пайтда махсус автокорхоналарда чиқинди йиғиш бўйича 411 та автомашина хизмат кўрсатмоқда. 2012-2013 йилларда автокорхоналарга “ISUZU” ҳамда “МАN” русумли 153 та юқори унумдор, ихчам автомашиналар харид қилинган.
Шарҳлар