Фарғонада аҳолига суюлтирилган газ белгиланганидан қиммат нархда сотилгани маълум бўлди

Фарғонада аҳолига суюлтирилган газ белгиланганидан қиммат нархда сотилгани маълум бўлди

«Водийгазтаъминот» унитар корхонаси Бешариқ туман филиалининг аҳолига суюлтирилган газ баллонлари етказиб бериш аҳволи ўрганилганда, талайгина қонунбузилишига йўл қўйилганлиги аён бўлди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқ» газетаси хабар бермоқда, деб ёзади “Кун” нашри.

Маълум бўлишича, «Водийгазтаъминот» унитар корхонасининг мазкур тумандаги филиали томонидан 2013 йилда 10 ва 20 килограммли газ баллонларида аҳолига жами 587 минг 980 килограмм суюлтирилган газ етказиб берилган.

Бироқ газ баллонларини аҳолига сотишдан тушган жами 285,787 миллион сўмдан зиёд нақд пул маблағи назорат-касса машинасидан ўтказилмасдан, Давлат солиқ хизматидан рўйхатдан ўтмаган чипталар (квитанциялар) орқали кирим қилиниб, «Миллий банк» Бешариқ туман филиалига топширилган.

Шунингдек, 2013 йил ва 2014 йилнинг ўрганилган вақти мобайнида филиал экспедиторининг талаби билан суюлтирилган газ баллонларини ўрнатувчи уста ва ҳайдовчилар аҳолига газ билан тўлдирилган баллонларни белгиланган қийматдан қиммат нархларда сотишган.

Бундан тушган жами 8,2 миллион сўмдан зиёд нақд пул маблағи банкка топширилмасдан, турли эҳтиёжлар учун сарфлаб келинган.

Хабар беришларича, мазкур ҳолатлар юзасидан «Водийгазтаъминот» унитар корхонасининг Бешариқ туман филиали мансабдор шахслари тегишли жиноий жавобгарликка тортилган, етказилган зарар эса ундирилган.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.