15 декабрдан Ўзбекистонда иш ҳақи миқдори ошaди
2014 йил 21 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти “Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Унга кўра, шу йилнинг 15 декабридан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори ўрта ҳисобда 1,1 баравар оширилади.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида энг кам:
иш ҳақи – ойига 118 400 сўм;
ёшга доир пенсиялар – ойига 231 575 сўм;
болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа – ойига 231 575 сўм;
зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ойига 142 100 сўм миқдорида белгиланди.
иш ҳақи ҳамда пенсияларга қўшилган устама ва қўшимча ҳақларнинг барча турлари, энг кам иш ҳақига нисбатан белгиланган компенсация ва бошқа тўловлар 2014 йилнинг 15 декабридан бошлаб мазкур Фармонда белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.
Шунингдек, ҳужжатга мувофиқ Бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва стипендияларнинг оширилиши билан боғлиқ сарф-харажатлар республика Давлат бюджети ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Хўжалик ҳисобидаги корхона ва ташкилотлар 2014 йилнинг 15 декабридан бошлаб мазкур Фармонда белгиланган энг кам иш ҳақига мувофиқ, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва меҳнат сарфини камайтириш ҳисобига иш ҳақи миқдорини ошириши белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 31 июлдаги ПФ-4639-сонли Фармони (6-банди истисно қилинган ҳолда) 2014 йилнинг 15 декабридан ўз кучини йўқотди.
Шарҳлар