Ўзбекистонда янги газни қайта ишлаш заводи қурилади

Ўзбекистонда янги газни қайта ишлаш заводи қурилади

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг 2014 йил 13 ноябрдаги қарори билан Ўзбекистон Республикаси ва “Нефтяная компания «ЛУКОЙЛ” ОАЖ ва “Ўзбекнефтгаз” МХКдан иборат инвесторлар консорциуми ўртасида тузилган Қандим конлари гуруҳи участкаси, Хоузак ва Шоди участкалари ҳамда Қўнғирот участкасига оид маҳсулотни тақсимлаш тўғрисидаги битимни амалга ошириш бўйича қатор чора-тадбирлар белгиланди.

“Газни қайта ишлаш заводи мажмуини қуриш ва Қандим гуруҳи конларини жиҳозлаш” лойиҳасининг объектларини қуриш бўйича техник-иқтисодий асос ва ишчи ҳужжатлар “Лукойл Узбекистан Оперейтинг Компани” МЧЖ томонидан ишлаб чиқилади.

Жанубий Кореянинг “Hyundai Engineering” компанияси раҳбарлигидаги консорциум эса Ўзбекистонда газни қайта ишлаш заводи мажмуини қуриш ва Қандим конлари гуруҳини ободонлаштиришга ускунлар етказиб бериш бўйича умумий қиймати 2,662 миллиард долларлик тендерда ғолиб чиқди.

Қандим газни қайта ишлаш заводининг биринчи навбати 2018 йил 1 июлигача ишга туширилиши керак. «Ўзбекнефтгаз» ва лойиҳа оператори бўлган «ЛУКОЙЛ»га 2015 йил 1 апрелига қадар лойиҳанинг техник-иқтисодий асос (ТИА)ларини тасдиқлаш учун ҳукуматга киритиши ҳақида кўрсатма берилган.

Президентнинг ушбу қарори билан Қандим конлари гуруҳи участкаси, Хаузак ва Шоди участкалари, шунингдек, Қўнғирот участкасига оид маҳсулотни тақсимлаш тўғрисидаги битим (МТБ)нинг амал қилиш муддати 7 йилга узайтирилди. Бундан ташқари, «Ўзтрансгаз» компанияси («Ўзбекнефтгаз» шўъбаси) билан битим доирасида қазиб олинадиган табиий газни экспортга сотиш бўйича 10 йил муддатга шартнома тузиш тўғрисидаги таклиф маъқулланди.

Маълумот учун, Hyundai Engineering 2011 йил сентябрида «ЛУКОЙЛ» билан лойиҳа ТИАсини ишлаб чиқиш бўйича шартнома имзолаган эди. ГҚИЗнинг лойиҳавий қуввати – йилига 8 миллиард кубометр табиий газга тенг.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.